27.09.2022 / O'zbekiston

Пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган ҳокимлар жиноий жавобгарликка тортилади

Пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган ҳокимлар жиноий жавобгарликка тортилади

Сардор Умрзоқов мазкур иш билан шуғулланаётган ҳар қандай раҳбарни президент сиёсатига хиёнаткор деб баҳолаш мумкинлигини айтди.

Пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган ҳокимлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. ЎзА хабар беришича, бу ҳақда президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов ўтказаётган селекторда айтилди.

Умрзоқов пахта теримидаги қонунбузилишларни танқид қилди.


«Вилоят раҳбарларини пахта теримида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича тизимли ишларни ташкил қилиш тўғрисида алоҳида огоҳлантирган эдик. Шунга қарамай пахта терими бўйича ҳар куни ижтимоий тармоқларда янги-янги хабарлар тарқалмоқда. Энди тадбиркорлардан, бюджет ташкилотларининг оддий ходимларидан ҳашарчиларни жалб қилиш учун пул йиғиш авжига чиқяпти экан.

Бу ҳолатлардан битта хулоса қилиш мумкин. Мазкур иш билан шуғулланаётган ҳар қандай раҳбарни ҳурматли президентимиз сиёсатларига хиёнаткор деб баҳолаш мумкин.

Бош прокуратура (Ниғматилла Тўлқинович) бундай ҳолатларга алоқадор бўлган шахсларни ҳеч иккиланмай зудлик билан жиноий жавобгарликка тортиши керак. Ҳудудий прокурорлар билан биргаликда бизга қонун устуворлигини таъминлаб беришларингиз керак», - деди Сардор Умрзоқов.

Йиғилишда кластерлар томонидан ҳам салбий ҳолатларга йўл қўйилаётгани тўғрисида кўплаб эътирозлар мавжудлиги айтиб ўтилди.

«Кластерларга паст нархда пахта сотишни хоҳламаган фермерларга туман сектор раҳбарлари томонидан босим ўтказилаётганини қандай тушуниш мумкин?

Шуҳрат Ғаниев, Воитов бу ҳолатни икки кун муддатда шахсан ўрганиб, халқ орасида бундай норозиликларни келтириб чиқаришга сабаб бўладиган сектор раҳбарлари, кластерлар бўйича таклиф киритинглар», деган президент администрацияси раҳбари.


Kun.uz