24.09.2022 / O'zbekiston

«Афғонистонликмиз десак, Толибон деб қўрқишади» — афғон талабалари Ўзбекистонда пулсиз ва ишсиз қолмоқда

«Афғонистонликмиз десак, Толибон деб қўрқишади» — афғон талабалари Ўзбекистонда пулсиз ва ишсиз қолмоқда

«Аммо биз толиб эмасмиз... Иш сўраб борсак, ишчи ҳужжати сўрашади», — дейди Ўзбекистонда ўқиётган афғонистонлик Сайёра Ҳадид. Kun.uz’га афғонистонлик талабалар ҳам пулсизлик ва ишсизликдан қийналаётгани, виза учун пул кераклиги, Афғонистондан пул юбориш қийинлиги каби муаммолар ҳақида гапириб берди.


Афғонистоннинг собиқ ҳукумати билан тузилган шартнома асосида ўнлаб афғонистонлик талабалар Ўзбекистонга ўқишга келган. Ҳозирда Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факультетида ўқиётган 7 нафар талаба Kun.uz’га пулсизлик ва ишсизликдан қийналаётгани ҳақида гапириб берди. Таҳририят билан боғланган факультет раҳбарияти ва ходимлари ҳам уларга иш топиш илинжида.

«Собиқ ҳукумат билан келишувга кўра, Ўзбекистон бизни ўқишга чақирди. Давлатимиз томонидан биринчи марта шу ерга келганимизда 44 киши эдик, ҳаммамиз ҳар хил университетга кирганмиз — ЎзМУда 7 киши, Ислом Академиясида 7 киши ва бошқа университетларда ҳам талабалар бор», — дейди Афғонистоннинг Парвон вилоятидан ўқишга келган Саид Нақиб Ҳашимий.

Саид Нақиб Ҳашимий / Фото: KUN.UZ

Улар журналистика факультети (Ўзбекистон Миллий Университети)га ўқишга келишдан олдин Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида ўзбек тили курсида ўқиб, ўзбекчани ўрганган.

ЎзМУ журналистика факультетининг амалиёт бўйича масъул ходими Акбар Абдураимовнинг айтишича, афғонистонлик талабалар 2022 йил феврал ойида 1-курснинг иккинчи ярмидан қабул қилинган.

«Бунгача бўлган даврда улар Афғонистонда аввалги ҳукумат билан тузилган шартнома асосида ўқишга қабул қилинган. У ерда ҳукумат алмашган. Ўзбекистонда уларни ўқитиш текин, ётоқхона билан ҳам бепул таъминланади. Ҳозир Миллий Университет ётоқхонасида бошқа хорижлик талабалар билан истиқомат қилиб келишяпти. Бундан ташқари, турли хайрия тадбирлари ташкил этилиб, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашлар ҳам бўлиб турибди», — дейди Акбар Абдураимов.

Ўзи ва дўстлари дуч келаётган муаммолар ҳақида гапирар экан Ҳашимий уларга иш кераклиги, пули йўқлигини айтади.

«Биз журналистика факультетида ўқияпмиз, агар медиа соҳасида иш топсак, жуда яхши бўларди», — дейди у.

Лағмонлик Муҳаммад Иброҳим Анўш эса уларда медиа соҳасида ишлаш учун энг катта муаммо ўзбек тили эканлигини айтади. Аммо у инглиз тилини яхши билади, 5 йил давомида BBC’да аввалига радио драмада актёр ва кейинчалик инглиз тилида драма ёзувчиси сифатида ишлаган.

Муҳаммад Иброҳим / Фото: KUN.UZ

«Бизнинг энг катта муаммомиз — тил. Биз ўзбек тилини унчалик яхши билмаймиз. Мен Афғонистонда радио ва телевидениеда ишлаганман ва кўп ишларни қила оламан. У ерда биз тожикча ва пуштунчада гаплашардик, энди Ўзбекистонда тил масаласи бўйича бизда муаммо бўлиши мумкин. Аммо видео ва фотога олиб, уларни таҳрирлай оламан. Радиода ҳамма дастурларда ишлай оламан. Афғонистонда 15 ёшлар бўлганимда студияда ишлаганман. Асосий муаммо ўзбек тили, аммо инглиз тилини биламан», — дейди у.

Сарипуллик Сайёра Ҳадид эса ўзбек тилида анча равон гапиради. Сайёра иш берувчилар ўринсиз қўрқувлар туфайли уларга иш беришни хоҳламасликларини айтади.

«Ўзим иш учун бирор жойга бормадим. Йигитлар иш излаб борганда, ҳужжат керак, деб иш беришмапти. Тўғрисини айтсам, афғонистонлик десак, ҳамма қўрқади, бизни толибондан деб ўйлайди. Аммо биз толибондан эмасмиз, фақат давлат ўзгарган, ҳукумат тепасига толиблар келган. Шунинг учун ҳужжат сўраб боришганда, иш берувчилар «ё иш ҳужжати ёки иш визаси бўлсин, акс ҳолда сизларни ишга қабул қила олмайман», деган. Бизга пул керак, иш бўлса, қилишга ҳозирмиз. Чунки Афғонистондан бизга пул жўната олишмайди, банклар ёпиқ. Жўната олган тақдирда ҳам жуда қийинчилик билан кечади», — дейди Сайёра.

Сайёра Ҳадид / Фото: KUN.UZ

Бадахшон вилоятидан келган Ферутан Амирий Фархунда эса у ва дўстлари бу ерга фақат ўқиш мақсадида келганини таъкидлайди.

«Биз афғонистонлик талабалармиз — Ўзбекистонга фақат яхши ниятда келдик, мақсадимиз фақат дарс, бошқа нарса эмас. Келажакда яхши журналист бўлиб, ўзбек тилида мақолалар ва китоблар чиқаришни хоҳлайман», — дейди у.

Термизда ишлаган, асли Таҳор вилоятидан бўлган Набиулло Фавод эса ҳар қандай ишни қила олишини айтади.

«Бизга ҳар иш бўлса, фарқи йўқ, қурилиш бўлса ҳам. Мен 6 ой Термизда ишладим ва бироз пул топдим. Пулларимни ишлатдим, ҳозир эса бизда пул йўқ ва ҳаммамиз молиявий қийинчиликдамиз», — дейди Набиулло.

Набиулло Фавод / Фото: KUN.UZ

«Шу вақтгача пулсиз қандай яшаб келдингиз?» — деган саволимизга Сайёра Ҳадид шундай жавоб берди:

«Дарсга келишдан олдин ҳукумат ўзгариб қолди ва бизни дарсга киритишмади. Биз ўша пайтда ишладик ва бироз пул йиғдик. Ўша пулларни ишлатиб тугатдик ва яқинда Афғонистонга борганда яна ўзимиз билан бироз маблағ олиб келдик».

Факультет масъули Абдураимовга кўра, иш таклиф қилаётган ОАВ ўзбек тилини билишни талаб этгани боис, афғонистонлик талабаларга иш топилиши бироз қийин кечмоқда:

«Иш масаласига келсак, биласиз, мамлакатимизда ОАВ сони жуда кўп ва вакансиялар ҳам бор. Факультетимизда шундай анъана борки, ҳар ойда 2–3та ОАВ келиб талабаларимизни синовдан ўтказиб, саралаб ишга таклиф қиляпти. Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили бўлгани учун ОАВ асосан ўзбек тилида фаолият юритади, шунинг учун талабаларимиз ҳам ўзбек тилида гапиришга, ёзишга ҳаракат қиляпти», — дейди Акбар Абдураимов.

Маълум бўлишича, талабаларда ҳозир виза билан боғлиқ муаммо ҳам бор. Сайёранинг сўзларига кўра, улар биринчи марта Ўзбекистонга келиши учун Ўзбекистон уларга мултипал виза берган ва исталганча Афғонистонга бориб келишлари мумкин бўлган.

«Бир йилдан кейин Ўзбекистон виза бермаслигини айтди, биз ҳайрон бўлиб қолдик. UNICEF томонидан 6 ойлик виза олдик. Аммо энди ҳайронмиз, бизга визани ким беради? Ўзимиз оламиз десак, пулимиз йўқ. Визанинг 6 ойлиги 260 доллар, бир йиллиги эса 800 доллар бўлади», — дейди Сайёра.

Визага оид вазиятни тушунтираркан, Акбар Абдураимов бу Афғонистонда ҳукумат алмашгани билан боғлиқ муаммо эканини айтади.

«Виза билан боғлиқ муаммолар ҳам бошида учради. Ёз ойида улар уйларига кетмоқчи эканлигини айтишди, биз талабаларга университетдаги мавсумий ишларни ҳам таклиф қилдик, шунда улар «уйимизга бориб келмасак бўлмайди», дейишди. Улар ватандан узоққа энди чиқиши. Университетнинг халқаро бўлими ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида виза масалаларини ҳал қилиб бердик. Тўғри, бироз ортга сурилган бўлиши мумкин, аммо талабаларнинг ўқиш жараёнига кечикмасликлари учун ҳаракат қилиб келяпмиз, сентябр бошида ўқишга етиб келишди.

Ўзларининг элчихонаси ва консулликлари билан учрашиб туришибди. Университет ҳозир қўйилган талабни юз фоизга бажаряпти: таълим олиши ва бепул ётоқхонадан фойдаланиши таъминланяпти».

Гувоҳи бўлганингиздек қўшни давлат талабалари ўзбекистон ишлаш, пул топиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келишган. Яқинларидан пул олайлик деса, Афғонистон билан банк ўтказмалари ишламаяпти.

Хўш, Ўзбекистонда хорижлик талабаларнинг ишга ёлланиш тартиби қандай?

«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонуннинг 107-моддасига мувофиқ, Меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган чет эллик фуқаро иш берувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома мавжуд бўлган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёлланиб ишлаши мумкин.

Яъни, чет эллик фуқаронинг ўзи эмас, балки иш берувчи хорижлик фуқарони ишга ёллаш учун тасдиқнома олиши керак.

Бунинг учун иш берувчи давлат хизматлари марказларига шахсан келиб мурожаат қилади ва тасдиқномани электрон шаклда олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки онлайн-майдончада рўйхатдан ўтади.

Қонунда ишга жалб этилмайдиган хорижлик фуқаролар рўйхатида талабалар йўқ. Яъни, Ўзбекистонда талабалар дарсдан бўш вақтларида расман иш билан банд бўлишлари мумкин. Демак, бундан кўринадики, Ўзбекистонда таълим олаётган хориж фуқароси бўлган талабалар дарсдан бўш вақтларида ишлашлари мумкин.

Бироқ иш берувчи уларни ишга қабул қилиши учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан тасдиқнома олиш талаб этилади.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Оператор ва монтаж устаси Жавоҳир Ғайратов

KUN.UZ