06.10.2022 / O'zbekiston

“Бугунги таҳдидлардан тўғри хулоса чиқаришимиз лозим” – Шавкат Мирзиёев журналистлар билан мулоқот қилди

“Бугунги таҳдидлардан тўғри хулоса чиқаришимиз лозим” – Шавкат Мирзиёев журналистлар билан мулоқот қилди
Бугун, 6 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташриф буюрди. Президент Сайхунобод туманида ташкил қилинган пахта-тўқимачилик кластерида ОАВ вакиллари билан суҳбатлашди.

“Адолатли ҳакам бўлса, охирги йиллардаги ўзгаришлар ҳақида ўзи баҳо беради. Мана, биз турган Сайхунобод тумани ҳокими очиқ айтяпти “Сайхунобод тумани маркази Гулистондан ҳам чиройлироқ” деяпти. Майли, бу ҳам ўз туманини севган одамнинг гапи. Ҳамма ҳам ўзи яшаган ҳудуднинг чиройли бўлишини истайди.

Биз узоқ йиллар пахта етиштириш билан шуғулландик, лекин халқимиз фаровон яшамади. Энди шундай тизим яратяпмизки, пахтани тўлиқ қайта ишлаб, қўшимча қиймат қиляпмиз. Бу эса қўшимча иш ўринлари дегани. 

Биз бугунги таҳдидлардан, сиёсий вазиятдан тўғри хулоса чиқаришимиз лозим. Бундай кунларда энг катта душман ички душман. Ишсизлик эса оғир муҳит яратади. Ишсиз одам сиёсатга ишонмайди, бугунги кундан норози яшайди, ким етакласа кетаверади. Мен кластерларга янги вазифалар юклаяпман. Сирдарёда чуқур қайта ишлаш 25 фоизни ташкил қиляпти. Бу жуда паст кўрсаткич. Демак Сирдарёни минглаб иш ўринлари кутиб турибди. Мақсадимиз, Сирдарёда 100 минг иш ўрни яратиш ва 2023 йилда бу вилоятни ишсизлик тугатилган ҳудудга айлантиришга интилиш. 

Кластерларга айтяпман, иш ўринлари яратиш учун қилган харажатларингни, тиклаган бинолар, фабрикаларингнинг харажатларини солиқлар ҳисобига қоплаб бераман, деяпман. Майли, бир йилда бой бўлишмасин, лекин шу халқ рози бўлсин. Ер бериляпти, иш ўринлари яратиляпти, энди юртдошларимизга тушунтиришимиз, етказишимиз керак – меҳнат қилмасак, ҳаракат қилмасак ҳеч ким бизнинг муаммомизни ҳал қилиб бермайди” – деди президент мухбирларга қарата.

KUN.UZ