13.05.2022 / O'zbekiston

«Бундан кўра уйимни ёқиб юборса яхши эди». Фарғоналик фермер туман ҳокими устидан арз қилиб, президентга мурожаат йўллади

«Бундан кўра уйимни ёқиб юборса яхши эди». Фарғоналик фермер туман ҳокими устидан арз қилиб, президентга мурожаат йўллади

Президентнинг Фарғонага ташрифи арафасида фермер Иқболжон Мелибоев Бувайда тумани ҳокими устидан шикоят қилиб, видеомурожаат йўллади. Буни ёритган фарғоналик журналистга босим ўтказилгани ва ишдан бўшаш ҳақида ариза сўралгани айтилди. Фарғона вилояти ҳокимлиги вазиятни ўрганишни бошлади. Жамоатчилик фаоллари эса мазкур ҳолатни кескин қоралаб, «фермер ва журналистдан қўлларни тортишни» талаб қилмоқда.

Президентнинг Фарғонага 12−13 май кунлари ташрифи арафасида фермер ҳоким устидан арз қилиб, видеомурожаат йўллади. Мазкур мурожаатни Facebook`даги саҳифасида тарқатганлиги учун «Бувайда кўзгуси» газетаси журналисти Шарифа Мурод ҳам босимларга учради. Ҳолат Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан ўрганилмоқда.

10 май куни «Бувайда кўзгуси» газетаси журналисти Шарифа Мурод ўзининг Facebook`даги саҳифасида президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифини ҳаммадан кўра бувайдалик фермер Иқболжон Мелибоев кўпроқ кутаётгани, унинг Бувайда туман ҳокимидан арзи борлигини ёзиб қолдирди.

«Энди ерни ер қилиб, даромадга кирганимда туман ҳокими мени қўрқитиб, агротехник тадбирларни бажарганингдан сўнг аризангни йиртиб юбораман деб алдаб ариза ёздириб олиб, мени хонавайрон қилди. Мени тўққиз йилдан буён қилган харажатимни ким тўлайди? Бундан кўра, туман ҳокими Беҳзод Ибрагимов уйимни ёқиб юборса яхши эди… Бола-чақамни энди қандай боқаман… Шунча йил фермер бўлиб ақалли уйимни ҳам тузатмаганман. Бир йил электр тортсам, бир йил ариқ қазитганман, бир йил насос сотиб олганман», — дея фермернинг сўзларини келтирмоқда Шарифа Мурод.

Видеомурожаатда «Шерхон-Шоҳжаҳон-Дадахон» фермер хўжалиги раҳбари 2013 йилдан бери фаолият юритиб келаётгани, иш бошлаганида мазкур ҳудудда сув бўлмаганлиги, 2016 йилгача 6 та насос қўйиб, суғориш тизимини яратганини қайд этди.

«8 август куни иккита контуримни ўт босиб қолиб, ўтдан тозалаётганимда, Бувайда тумани ҳокими Беҳзод Ибрагимов Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Алибек Турсунов билан кириб келди. „Мени вилоят ҳокимлиги олдида уялтирдинг, ариза ёз“ деди. Мен шароитимни тушунтирдим, касал бўлиб қолгандим, етказиб оламан, фарзандларим ҳам кичкина, 2 кунда агротехник тадбирларни тугатаман ҳоким бува, деб айтдим. Туман ҳокими ўринбосари Мўйдин Йўлдошев ҳам [аризани кейин] йиртиб ташлаймиз, ёзиб бер, деди», — деди у.

У ўз аризасида босим остида санани кўрсатмагани ва печать ҳам қўйиб берганини қўшимча қилди.

«Улар берган ваъдамга ишонишмади ва жами 79,3 гектар ер майдонини туман захирасига қайтариш тўғрисида далани ўзида ўзлари айтган тартибда мажбурий босим остида кўплашиб ариза ёздиришди», — деди Иқболжон Мелибоев.

Бўлиб ўтган воқеадан сўнг, агротехник ишларини бажариш мақсадида 20−30 та ёлланма ишчи жалб қилиб, барча камчиликларни бартараф этади, туман ҳокимига ва қишлоқ хўжалиги бўлимига шахсан учрашган ҳолда қайта бориб кўришларини, агротехника ишлар тўлиқ бажарилганини айтади ва шу бўйи яна далада иш билан банд бўлиб қолади.

Таъкидланишича, фермер 1 апрель куни пахтани эккан, 8 апрель куни эса Фарғона вилояти ҳокимининг қарори билан унинг фермер хўжалик ерлари давлат захирасига ўтказилган.

«Вилоят ҳокимини қидириб бордим, лекин учраша олмадим. Сизни (президент назарда тутилмоқда — таҳр.) келишингизни эшитиб, хурсанд бўлганимдан видео орқали мурожаатимни етказмоқчиман. Фермер бўлганимдан бери пахта режасини бажараман деб, қанча мол, қўйим, доним кетди, режаларни бажариб келаяпман. 2021 йилга қадар йилдан-йилга 20 тоннадан 80 тоннагача ортиғи билан буғдой режасини бажариб келдим. Ўтган йили касал бўлиб қолганим учун мана шундай қилиб еримни олиб қўйишаяпти», — деди фермер.

Иқболжон Мелибоев сўзи якунида адолат излаб давлат раҳбарига мурожаат қилишга мажбур бўлгани ва ушбу ҳолатни ҳал қилишда ёрдам беришини сўраган.

«Сиз [президент] чиқараётган фармон ва қонунларнинг бу ҳоким учун ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Укам вилоят прокуратурасида ишлайди, фалоним администрацияда ишлайди, деб мақтаниб фермерларни хонавайрон қилаяпти», — дея қўшимча қилган Иқболжон Мелибоев.

Мазкур мурожаатни ўз саҳифасида ёритган Шарифа Мурод қуйидагича изоҳ ҳам қолдирди: «Бувайда тумани ҳокими Беҳзод Ибрагимов фаолияти ҳақида жуда кўп салбий фикрлар эшитгандиму, аммо унинг бу қадар юраксиз ва ҳиссиз эканлигини билмас эканман».

Журналистга босим

Шарифа Мурод.

Мазкур ҳолатдан сўнг, журналист Шарифа Муродга ҳам босим ўтказилди. Унинг сўзларига кўра, Бувайда тумани ҳокимлиги ахборот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи арафасида туман обрўсини туширганликда айблаган.

«Нимага одамлар бунақа?! Ҳозиргина мендан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишимни талаб қилишди. Негаки, мен ташрифдан аввал Бувайда тумани обрўсини тушириб (ҳақиқатни айтганим учун) ғаламислик қилибман. Бувайда тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари мени „тузимни еб, тузлуғига тупирдинг“, деб айбламоқда. Постни олиб ташла деб талаб қилмоқда. Гудбай сўз эркинлиги» — деб ёзади Шарифа Мурод.

Қолаверса, журналист бошқа бир постида авваламбор ички цензура кучли эканлигини ҳам таъкидлаб ўтди.

«Ҳа, цензура қалбимизда яшаяпти. Ҳар бир мурожаатни ва муаммони минг марта ўйлаб, минг марта фактларни текшириб, минг марта элакдан ўтказиб кейин зўрға оммага ҳавола этамиз. Шундаям яна босимга учраймиз! Ўзимизнинг цензурани зўрға йўқотганимизда шунақа ишлар ҳам бўлиб туради», — деди у.

Бувайда тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, «Бувайда кўзгуси» газетаси бош муҳаррири Азиза Солиева «Газета.uz»га берган изоҳида журналист билан ўзаро тушунмовчилик юзага келгани ва ҳозирда муаммо бартараф этилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу каби касбий баҳслар тез-тез бўлиб туради, бироқ, ҳеч қачон жиддий тус олмаган.

«Газета.uz» билан суҳбатда журналист ҳам ариза ёзмагани ва раҳбарияти билан юз берган тушунмовчилик бартараф этилганини таъкидлади. «Бугун ишдаман. Мен ҳурмат қиладиган бошлиғим, тиниб-тинчимас, ҳақиқатпараст журналист Азизахон Солиева мени ҳеч нима бўлмагандек кутиб олди ва топшириқларни берди. Жойларга мақола тайёрлаш учун чиқиб кетаяпман», — деди Шарифа Мурод.

Фарғона вилояти ҳокимлиги мазкур ҳолатга расмий муносабат билдирди.

«Аввало, шуни қайд этиш лозимки, журналист ўзи тайёрлаган хабарлар ва материалларни оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиш, уларда ўз фикр-мулоҳазасини ифодалаш ҳуқуқига эга. Танқидий материаллар эълон қилганлиги учун журналистни таъқиб қилишга йўл қўйилмаслиги қонун билан белгилаб қўйилган. Давлат журналистга ахборотни эркин олиши ва тарқатишини кафолатлайди, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлайди», — дейилади хабарда.

Шарифа Муроднинг ижтимоий тармоқлардаги танқидий чиқиши учун ишдан бўшатишга уриниш билан боғлиқ ҳолат масъул идоралар томонидан охиригача ўрганиб чиқилади. «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилиши тасдиқланадиган бўлса, бунга йўл қўйган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Бундан ташқари, Бувайда туманидаги фермернинг ери туман захирасига қайтарилишининг қонунийлиги билан боғлиқ масалани ўрганиб чиқиш учун вилоят ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ шакллантирилгани ва ўрганиш натижалари юзасидан қўшимча маълумот берилиши қайд этилди.

Жамоатчилик муносабати

Адлия вазирининг маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова ҳам ҳолат юзасидан ўз фикрини билдириб, ушбу икки мурожаатни у ҳам олиб чиқаётганини айтиб, бир қанча саволлар билан юзланди: «Босим қиласизларми менга ҳам? Қаергача бормоқчисизлар бу усуллар билан? Ҳаммага босим қилиб эришган натижангиз шу бўладики, охири фермернинг оҳи президентга етиб боради. Қонунан ишласанглар бўлмайдими?».

«Фермерларни ўз ҳолига қўйинглар, одамлар камбағалликдан чиқсин. Журналистдан қўлингизни тортинг», — деб ёзиб қолдирди блогер.

Ўзбекистон МТРК журналисти Шарофиддин Тўлаганов эса шу каби ҳолатлар ислоҳотларга зид эканлигини таъкидлаган.

«Амалдорлар қачон феодалларча фикрлашдан қутилади? Бу бошланган ислоҳотларга тушов эмасми? Фарғонада журналист Шарифа Мурод босим остида. Тавба дейишдан бошқа сўз топа олмадим», — дейди у.

Gazeta.uz