26.08.2021 / O'zbekiston

Фермерларни қандай муаммолар қийнамоқда — Адлия вазирлиги мониторинги

Фермерларни қандай муаммолар қийнамоқда — Адлия вазирлиги мониторинги

Фермер ва сотиб олувчи ташкилотлар, кластерлар ва етказиб берувчилар ўртасидаги шартномаларда йўл қўйилаётган хатолар, фермер хўжаликларининг 180 млрд сўмдан кўпроқ қарзга ботгани ва бошқалар — Адлия вазирлиги «Фермерга мадад» акцияси доирасида фермерлар манфаатларига энг кўп зарар етказаётган ҳолатларни ўрганмоқда. Вазирлик ушбу соҳадаги муаммоларни бартараф этиш учун бир қанча чораларни таклиф қилмоқда.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги фермерлар ҳуқуқларини тушунтириш ва ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган «Фермерга мадад» акцияси доирасида ҳуқуқий мониторинг ўтказмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди. Мазкур мониторинг соҳада бир қатор муаммо ва камчиликлар борлигини кўрсатди.

Фермерларнинг муаммолари

Акция доирасида фермерлар билан тайёрловчи, таъминот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасидаги шартномавий муносабатларда жами 156 223 та хато ва камчиликлар аниқланди.

Шартнома — ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгиловчи асосий ҳужжат. Фермер ердан фойдаланишининг ҳуқуқий асоси ер ижара шартномасида белгиланади. Мониторингда 565 та ҳолатда фермерлар билан ер ижара шартномаси тузилмаганлиги, 794 та ҳолатда ер ижара шартномасининг нусхаси фермерларга берилмаганлиги аниқланди.

«Ер ижара шартномаси тузилмаса, ҳокимликларга қўл келади, улар исталган вақтда фермердан ерни олиб қўйиши ёки ердан фойдаланиш фермерга исталган қўшимча талабни қўйиши мумкин, натижада фермер масъуллар хатти-ҳаракати юзасидан судга шикоят қилишда муаммога дуч келади», — дейилади хабарда.

Фермер маҳсулотни сотиш бўйича контрактация шартномаси, фаолияти учун зарур ўғит, ёқилғи, ўсимликлар ҳимояси воситаларини ва бошқа маҳсулотларни ҳарид қилиш, кредит, механизация каби хизматлардан фойдаланиш бўйича 20 дан ортиқ корхона, ташкилотлар билан шартнома тузиб ишлайди. Ушбу шартномалар ўз вақтида ва тарафлар учун тенг шартларда тузилса, муносабатларда ҳуқуқий аниқлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик таъминланади, дея қайд этди Адлия вазирлиги.

Лекин ўрганишлар кўпчилик ҳолатларда тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўзларининг монопол мавқеидан фойдаланиб, айрим ҳолларда эса давлат органларининг аралашуви билан шартномавий муносабатларда фермерлар манфаатларига зид хатти-ҳаракатлар қилаётганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, акциянинг дастлабки 1 ойида ўтказилган ўрганишларда тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан фермерлар ўртасидаги шартномалар 34 861 та ҳолатларда кечикиб тузилганлиги, 48 396 та шартнома ҳудудий қишлоқ хўжалиги бўлимларидан рўйхатдан ўтмаганлиги аниқланган.

Масалан, Шаҳрисабз туманида 2021 йилда 137 тонна пилла сотиш бўйича тузилган 456 та шартномалар туман қишлоқ хўжалиги бўлимидан рўйхатдан ўтмаган.

«Маълумки, рўйхатдан ўтмаган шартномани исталганча ўзгартириш ва унга тузатишлар киритиш мумкин ёки уни давлат органи томонидан мониторинг қилиш имконияти бўлмайди. Албатта, бундай ўзгартиришлар фермер фойдасига бўлмаслиги аниқ», — дея қайд этди вазирлик.

Фото: ФАО Ўзбекистон

Шунингдек, монопол мавқеидан фойдаланиб фермерлар етиштирган маҳсулотлар 7 531 та ҳолатда контрактация шартномаси тузмасдан олиб кетилган.

Масалан, Хатирчи туманидаги «DYNAMIC ELEKTRONICS» МЧЖ кластери томонидан «Бахтиёр Эргаш боғи», «Хуршид-94», «Сайёд», «Даврон Фарход мухосиби» каби 17 та фермер хўжаликларидан ғалла харид шартномаси тузилмасдан қабул қилинган.

«Бухоро агрокластер» МЧЖ кластери томонидан Когон туманида 13 та ҳолатда бўш, тўлдирилмаган шартнома имзолатиб, уларнинг бир нусхаси фермерларга тақдим қилинмасдан, етиширилган ғалла олиб кетилган.

Фермерга ўз вақтида ҳақ тўланмаслиги

Республика бўйича 24 мингдан ортиқ фермер хўжаликларига 180 млрд сўмдан ортиқ маблағлар ўз вақтида тўлаб берилмаган. Жумладан, фермерлардан пахта тўқимачилик кластерлари 39 млрд сўм, «Қишлоқхўжаликкимё» АЖ корхоналари 36 млрд сўм, ғаллачилик кластерлари 34 млрд сўм, дон корхоналари 27,6 млрд сўм, нефть корхоналари 17 млрд сўм қарздор.

Мисол учун, «Навоий агрокимёҳимоя» ҲАЖ Кармана туман филиалининг 68 та шартнома бўйича 196,1 млн сўмлик, «ММТП» МЧЖнинг 57 та шартнома бўйича 271,8 млн сўмлик муддати ўтган қарздорлиги юзага келган.

Ғаллачилик кластерларининг Тошкент вилоятидаги 859 та фермер хўжаликларига 12 млрд сўм, Муборак туманида 4,2 млрд сўм, Ангор туманида 3,9 млрд сўм, Касби туманида 3,7 млрд сўмлик етказиб берилган ғалла пуллари тўлаб берилмаган.

Жараёнларга фермерларнинг муносабати

Фото: Муқимжон Қодиров / ЎзА

Шартномавий муносабатларда эркинлик ва тенгликка риоя этилиш юзасидан ўтказилган ижтимоий сўровда иштирок этган 10 мингдан ортиқ фермерларнинг 70 фоизи аксарият шартномалар тўлдирилмаган (бўш) ҳолатда улардан имзолатиб олинишини, 5 фоизи эса умуман шартнома тузилмаслигини маълум қилган.

Энг ачинарлиси, сўровда иштирок этган 40 фоиздан ортиқ фермерлар шартномадан ортиқча ғаллани топширишга мажбур қилинганини билдиришган.

Сўровда иштирок этган фермерларнинг 36,4 фоизи турли йиғилишлар ва топшириқларнинг кўплиги, 32,6 фоизи контрагентлар билан мустақил шартнома тузиш имкони йўқлиги, 19,6 фоизи агротехника тадбирларига аралашиш, 11,4 фоизи текширишлар кўплиги улар фолиятидаги асосий тўсиқ эканлигини билдиришган.

Фермерлар манфаати ҳимояси

Юқорида қайд этилган ҳолатлар юзасидан, фермер хўжаликларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида ҳудудий адлия органлари томонидан тегишли таъсир чоралари қўлланилиши таъминланди.

Жумладан, мазкур Акция доирасида жами 709 та таъсир чораси қўлланган бўлиб, шундан 115 та огоҳнома, 222 та тақдимнома, 3,9 млрд. сўмлик 388 та даъво аризаси, 2 та маъмурий таклиф, 1 та жиноий таклиф киритилди.

Қўлланилган таъсир чоралари натижасида бугунги кунга қадар 13 та шахс интизомий жавобгарликка тортилган ҳамда 207 та даъво аризалари суд томонидан қаноатлантирилиб, 321 млн. сўм миқдордаги пул суммалари фермер хўжаликларига ундириб берилиши таъминланиб, қолган таъсир чораларнинг ижро этилиши назоратга олинган.

Соҳани такомиллаштиришга доир таклифлар

Фото: Мақсад Хабибуллаев / ЎзА

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги томонидан қуйидагилар таклиф этилди:

  1. қишлоқ хўжалиги соҳасида қабул қилинган қарорларда кўзда тутилган бозор механизмларини жадал амалга киритиш ва маъмурий йўллар билан фермерлар фаолиятини, айниқса маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тартибга солишни кескин камайтириш;
  2. қишлоқ хўжалиги соҳасида хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти эркинлигини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасида тузилган шартномаларни мажбурий равишда қишлоқ хўжалиги бўлимларида рўйхатдан ўтказиш ва шартнома рўйхатдан ўтказилгандан кейин кучга киришни бекор қилиш;
  3. давлат бошқарув органлари томонидан тасдиқланган мажбурий бўлган намунавий контрактация шартномасидан воз кечиш ва ҳозирги бозор муносабатларидан келиб чиқиб тавсиявий характерга эга бўлган намунавий шартнома лойиҳасини ишлаб чиқиш;
  4. тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи корхоналар, шу жумладан кластерлар томонидан фермерлар билан тузилган шартномаларга ўзбошимчалик билан бир томонлама ўзгартиришлар киритишни олдини олиш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасида тузилган барча шартномаларнинг Интернет тармоғида онлайн маълумотлар банкини яратиш;
  5. қишлоқ хўжалиги бўлимлари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларини танқидий қайта кўриб чиқиш.
Адлия вазирлиги «Фермерга мадад» ҳуқуқий акцияси жорий йилнинг декабрь ойигача давом этишини яна бир бор эслатди.

Фермерлар ҳуқуқлари бузилган ҳар қандай ҳолатда зудлик билан адлия органларига («1008» — телефон рақам ёки @fermergamadadbot — телеграм орқали) мурожаат қилишлари мумкин.

Gazeta.uz