21.09.2020 / O'zbekiston

«Талабани синов муддати билан ишга олиш қонунга зид» — талабалар меҳнати масаласида мутахассис билан суҳбат

«Талабани синов муддати билан ишга олиш қонунга зид» — талабалар меҳнати масаласида мутахассис билан суҳбат
Kun.uz янги ўқув йили бошланиши муносабати билан талабалар меҳнатига оид қонунчилик ва амалиётдаги муаммолар ҳақида Тошкент давлат юридик университети Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжонов билан интервью уюштирди.

1-қисм: Талаба қандай шартларда ишлай олади? — ОТМ талабаларининг меҳнатига оид масалалар юзасидан мутахассис билан суҳбат


Қуйида суҳбатнинг иккинчи қисми келтириб ўтилади.

– Пандемия шароитида фрилансерлик кенг тарқалмоқда. Фрилансерлик ҳам талабанинг меҳнат стажига қўшиладими ёки бу шунчаки фуқаролик шартномаси асосида ҳақ эвазига кўрсатиладиган хизматми?

– Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги 566-сон «Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини жорий этиш тўғрисида»ги қарорида ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолият (хизматлар, ишлар) турларининг рўйхати берилган. Масалан, уйда репетиторлик қилиш, компьютерларни таъмирлаш ва созлаш, лицензияланган дастурий таъминот ўрнатиш, сайтларни, компьютер дизайнини ишлаб чиқиш, тизим маъмури хизматлари ва бошқалар.

Агар талаба мазкур фаолият билан шуғулланса, вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси олиб 1 ой учун БҲМнинг 0,5 бараварини ёки 12 ой учун 4,5 бараварини тўлаб ҳам тегишли равишда 1 ой ёки 12 ойлик иш стажига эга бўлиши мумкин.

Вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилган санадан бошлаб ва улар амал қилишининг бутун даври пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун фуқароларнинг меҳнат стажига ҳисобланади.

Муҳаммадамин Каримжонов

– Ўзбекистондаги ОТМларда таҳсил олаётган хорижий давлат фуқаролари таълим билан бир вақтда меҳнат шартномаси асосида ишлай оладиларми? Маълумки, бундай тоифадаги талабалар «ўқиш» визаси билан келишган.

– Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 мартдаги 244-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тасдиқнома олмасдан меҳнат фаолиятини амалга оширишлари тақиқланади.

Лекин, ушбу Низом айрим тоифадаги чет эл фуқароларига татбиқ этилмайди. Агар чет эл талабаси мазкур тоифалардан бирига кирса, тасдиқномасиз ишлаши мумкин. Акс ҳолда тасдиқнома олинади. Тасдиқнома олиш учун иш берувчи Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилади.

– Талаба ўқишни битирмай туриб, ўзи таълим олаётган мутахассислиги бўйича ишлаши мумкинми?

– Таъкидлаш лозимки, барча таълим йўналишларида ҳам бундай имконият бирдай мавжуд эмас. Қонунчилик асосида ўқишни битирмай туриб, ўз мутахассислиги бўйича ишлаши мумкин бўлган айрим йўналишларни санаб ўтаман.

Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарори билан тасдиқланган Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомнинг 8-бандида «ОТМларнинг 4-курсида ўқиётган шахслар педагоглик ишини амалга ошириш учун қўйилиши мумкин ва уларга ўрта махсус, касбий маълумотга эга бўлган тегишли лавозимдаги ходимнинг базавий тариф ставкаси сингари базавий тариф ставкаси белгиланади», дейилган. Ушбу қоида олий ўқув юртларининг кундузги талабалари учун ҳам, сиртқи таълимда таҳсил олаётганлар учун ҳам бирдек амал қилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги низомга кўра, ўрта махсус юридик маълумотга эга бўлган ёхуд ОТМларнинг «Юриспруденция» мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган бакалавриат босқичининг битирувчи курси талабаси ёки магистранти юрисконсульт ёрдамчиси лавозимида ишлаши мумкин.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 декабрдаги 319-сон қарори билан тасдиқланган Клиник ординатура тўғрисидаги низомнинг 43-бандига кўра, ўқитишнинг иккинчи йилидаги таълим дастурини муваффақиятли ўзлаштирган клиник ординаторлар раҳбарларининг ёзма тавсияномаси асосида меҳнат шартномаси бўйича соҳа бўлимларида тунги навбатчилик қилиш ёки ўқишдан ташқари вақтда мутахассислиги бўйича ишлаш ҳуқуқига эга.

– Маълумки, Меҳнат кодексида ходимни дастлабки синов муддати билан ишга олиш тартиби баён этилган. Талабани дастлабки синов муддати билан ишга олиш тўғрими?

– Дарҳақиқат, амалиётда айрим иш берувчилар талаба (бакалавр, магистрлар) ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган бўлса-да, унга нисбатан дастлабки синов муддати қўлланилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Лекин, Меҳнат кодексининг 84-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар, корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан 3 йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда, шунингдек ходимлар билан 6 ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди.

Юқоридаги тоифаларга тушмасагина, талабага дастлабки синов қўлланилиши мумкин бўлади. Аксинча бўлса, талабанинг меҳнат ҳуқуқи бузилган ҳисобланади.

Шунингдек, амалиётда талабага дастлабки синовда эканлигини рўкач қилиб, унга иш ҳақи ва мукофотлар ҳам тўламайдиган иш берувчилар учраб туради. Бу ҳаракатлар ҳам ноқонунийдир.

– Меҳнат қонунчилигида талабалар учун имтиёзлар назарда тутилганми? Бор бўлса, қандай?

– Таълим муассасаларида ўқиётган ходимларга ишни таълим билан бирга қўшиб олиб боришлари учун иш берувчи зарур шароитлар яратиб бериши шарт. Талабалар иш жойидан ҳақ тўланадиган қўшимча таътилга чиқиш, қисқартирилган иш ҳафтаси шароитида ишлаш ва бошқа кўплаб имтиёзлар олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Бундан ташқари абитуриентлар учун ҳам алоҳида имтиёзлар (MK 254-моддаси) назарда тутилган.

Таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганларга йиллик таътилларни иш берувчи уларнинг хоҳишига кўра имтиҳонлар ва лаборатория-имтиҳон сессиялари вақтига тўғрилаб бериши шарт.

Диплом лойиҳасини (ишини) бажариш ёки битирув имтиҳонлари (давлат имтиҳонлари) топширишдан олдинги 10 ўқув ойи давомида машғулотларга тайёргарлик кўриш учун олти кунлик иш ҳафтаси бўлганда ҳафтада бир кун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этиладилар. Иш ҳафтаси беш кунлик бўлса, ишдан озод этиладиган кунлар миқдори иш сменасининг муддатига қараб ўзгаради, ишдан озод этиладиган соатлар миқдори эса сақланиб қолади.

Меҳнат кодексининг 256-моддасига кўра, диплом лойиҳасини (ишини) тайёрлаш ва ёқлаш даврида олий ўқув юрти талабаларига 4 ой, ўрта махсус ўқув юрти талабаларига эса 2 ой муддат билан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча таътиллар берилади.

Шунингдек, олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг охирги курсларида ўқиётган ходимларга диплом лойиҳасига материаллар тўплаш учун 30 календарь кун муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади.

Имтиёзлар ҳақида батафсил Меҳнат кодексининг 248–258-моддаларидан билиб олиш мумкин.

– Талабаларнинг меҳнатини тартибга солишга доир қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича қандай режалар бор? Бу борада ўз таклифларингизни ҳам билдирсангиз.

– 621 моддадан иборат Меҳнат кодексининг янги таҳрири лойиҳасида «Ишлаб чиқаришдаги таълим шартномаси» деб номланган алоҳида боб киритилмоқда.

Унга кўра, иш берувчи иш қидираётган шахс билан ёки ушбу ташкилотнинг ходими (ўқувчи) билан ишлаб чиқаришдан ажралган ёки ажралмаган ҳолда ишлаб чиқаришдаги таълим шартномаси тузишга ҳақли бўлади.

Ишлаб чиқаришдаги таълим шартномаси маълум бир ишни бажариш учун зарур бўлган малакани олиш учун керак бўлган муддатга тузилади. Ўқувчиларга ишлаб чиқаришдаги таълим вақтида стипендия тўланади, унинг миқдори ишлаб чиқариш таълим шартномасида белгиланади ва олинган малака даражасига боғлиқ бўлади, аммо қонун ҳужжатларида белгиланган ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлмаслиги керак.

Тошкент давлат юридик университети 5 кунлик ўқиш ва иш ҳафтасига ўтган. Натижада ўқитувчилар қаторида талабаларда ҳам шанба ва якшанба кунлари мустақил изланиш билан бирга меҳнат қилиб даромад топиш учун ҳам яхши имконият яратилган. Биласиз, бугунги кунда контракт тўлови ҳам оз эмас. Шуни инобатга олиб, бошқа ОТМларимиз ҳам 5 кунлик ўқиш ҳафтасига ўтишлари мақсадга мувофиқ бўларди.

Сўзим охирида ҳурматли талабалардан ўз ҳуқуқларини билишни ва амалда талаб қилишни сўраб қолардим. Агар Сизни ишга қабул қилишни рад этишган тақдирда, Сизнинг талабингиз билан иш берувчи ишга қабул қилишни рад этишнинг сабабини асослаб 3 кун муддат ичида ёзма жавоб беришга мажбур, ҳамда бу жавоб ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган бўлиши лозим.

Аббос Салайдинов суҳбатлашди.
Тасвирчи 
 Мирвоҳид Мирраҳимов.

KUN.UZ