14.05.2022 / O'zbekiston

Мактаб директорлигига номзодлар менежерлик сертификатини олиши керак бўлади

Мактаб директорлигига номзодлар менежерлик сертификатини олиши керак бўлади

Президент “2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Халқ таълими вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 декабрга қадар мактаб директори лавозимига номзодларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш ҳамда баҳолаш натижаси бўйича уларга менежерлик сертификатини бериш амалиётини йўлга қўяди.

Белгилаб қўйилишича, 2023 йил 1 январдан бошлаб:

мактаб директори лавозимига номзодлар менежерлик сертификатини олиш учун Миллий-тадқиқот институтида махсус пулли дастурлар асосида жамоада ишлаш ва ота-оналар билан мулоқот қилиш, бошқарув, молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари кўникмаларига ўқитилади;

ўқитиш якуни бўйича Миллий-тадқиқот институти томонидан мактаб директори лавозимига номзодларнинг бошқарув соҳасига оид билим ва кўникмалари баҳоланади ҳамда натижаси бўйича менежерлик сертификати берилади;

мактаб директори лавозимига номзодлар фақат менежерлик сертификатига эга бўлган шахслар орасидан танлаб олинади ва келишиш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига тақдим этилади;

мактаб директорини иш берувчининг ташаббусига кўра лавозимдан озод этиш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари билан келишиш талаб этилмайди.

Kun.uz