14.09.2019 / O'zbekiston

Пахтага старт берилди: Яна ишчилар мажбуран далага ҳайдалди

Пахтага старт берилди: Яна ишчилар мажбуран далага ҳайдалди

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 14 сентябрдан бошлаб пахта теримига старт берилди.

Мулозимлар жорий йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслигига ваъда қилганига қарамай, ишчи-ходимлар пахтага мажбуран ҳайдалмоқда.

Андижондаги айрим ташкилотлар ходимларидан "ўз хоҳиши билан пахтага чиқиши" ҳақида мажбурий тилхатлар олинди.

Фарғоналик ишчиларга кўра, уларга пахтага чиқмаса, ишдан ҳайдалиш билан таҳдид қилинмоқда.

Наманганлик банкирларга эса пахта терими учун ўрнига одам ёллаш ёки кунига 50 минг сўм тўлаб пахтадан қолиш тавсия қилинди.

Пахта терими бошланди

14 сентябрь куни Андижонда айрим ташкилотлар ишчи-хизматчилари пахта теримига сафарбар қилинди. Озодликка йўлланган суратларда ишчилардан иборат ҳашарчиларни далага олиб кетаётган автобуслар колоннаси акс этган.

Ҳашарчилар колоннаси. Сурат 14 сентябрь куни Андижон шаҳрида олинган.

Ҳашарчилар колоннаси. Сурат 14 сентябрь куни Андижон шаҳрида олинган.

Мажбурий тилхатлар

Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ходимларидан далага ҳайдалишдан аввал "пахтага ихтиёрий равишда чиқаётгани" борасида мажбурий равишда тилхатлар олинди.

“Ўз хоҳишим билан пахта теримига чиқаман” деб мажбурий ариза ёздириб олишди”, дея ўз исмини очиқламасликни сўраган ишчи тилхатга оид раҳбарият билан ёзишма нусхасини ҳам Озодликка йўллади.



“Ҳурматли ҳамкасблар, бугун идорага келиб, 2019 йил пахта йиғим-теримига ўз хоҳишинглар билан ариза ёзиб беринглар”, дея талаб қилинади 6 сентябрь куни ишчиларга йўлланган раҳбарият хатида.

Пахта тер ёки 500 мингдан 1 миллион сўмгача пул тўлаб қўй” дейишди 

“Мажбурий меҳнат йўқ эди, шекилли. Лекин биз мажбур боришимиз керак экан. Эркаклар бир амаллайди, аёллар оиласини ташлаб 15 кунлик пахта теримига жалб қилинаяпти. Бу қандай гап? Аёллар бола-чақасини қандай ташлаб кетади? “Пахта тер ёки 500 мингдан 1 миллион сўмгача пул тўлаб қўй” дейишди. Ўзи ойлик маошимиз 1 миллион бўлса, дардимизни кимга айтайлик?”, дейилади Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ишчилари номидан Озодликка йўлланган мактубда.

“Пахтага чиқмаганларни ишдан ҳайдашмоқчи”

“Фарғонаазот” корхонасининг Озодликка боғланган ишчиларига кўра, мулозимлар пахтага чиқмаган ишчиларни ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилишмоқда.

Ишчиларни мажбурлаб, “ўз ихтиёрим билан чиқаяпман дейсан, акс ҳолда ишдан кетасан” деяпти

“Мажбурий пахтага чиқасан, деяпти. Ишчиларни мажбурлаб, “ўз ихтиёрим билан чиқаяпман, дейсан, акс ҳолда ишдан кетасан” деяпти. Ўзлари яхши овқат ейди. Биз эса Жиззахдаги молхонада 3,5 ой макарон ва атала ичамиз. Бу қачон тугайди? Сабримиз тугаяпти”, дейилади “Фарғонаазот” корхонаси ишчилари номидан дея Озодликка йўлланган мактубда.

Банкирлар ҳам далага ҳайдалди

Намангандаги Халқ банки бўлимлари ходимлари ҳам далага ҳайдалди.

“Намангандан ёзаяпман. Халқ банки ходимлари номидан. Бизда пахта бошланди. Бир гуруҳ кетди далага. Кетмаганлар кунига 50 минг сўмдан пул тўлаши айтилди”, деди ишдан ҳайдалиш хавфи боис исмини очиқламасликни сўраган Халқ банки ходими.



Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши қонунлар қабул қилинганига қарамай¸ жорий йилда ҳам талаба ва бюджет ташкилоти ходимларини пахтага мажбурлаш давом этмоқда.

10 сентябрь куни Ўзбекистон ИИВ академияси¸ Олий ҳарбий божхона институти ва Миллий гвардия ҳарбий-техник институти курсантларига пахтага ўз ихтиëри билан бориш ҳақида тилхат ëздириб олинди.

Андижоннинг Бўз туманида эса оддий аҳоли вакилларидан пахтага чиқиш борасидаги тилхатлар июль ойидаёқ олинди.

Айни кунларда Ёшлар иттифоқи ходимлари пахта териш учун “Фидокор ёшлар” отрядларини тузишмоқда.

Пахтага чиқармаслик ваъдалари

Жорий йилнинг 12 август куни президент Мирзиёев “Бу йил пахта теримида мактаб, институт, умуман, бирорта бюджет ташкилоти ходимлари олиб чиқилмаслиги”ни таъкидлади.

Сирдарёдаги "ҳашарчилар шаҳарчаси"

Сирдарёдаги "ҳашарчилар шаҳарчаси"

Президентнинг бу гапидан сўнг Сирдарё вилояти ҳокими Ғофиржон Мирзаев бу йил пахтани тўлиқ "кўнгилли ҳашарчилар териши”ни айтиб, ҳашарчилар учун "Дала ҳашарчилари шаҳарчаси" ҳозирлаганини маълум қилди.

Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов эса “пахта теримига бирорта бюджет ташкилоти ходимини яқинлаштирмаслик”ка қасам ичди.

Куни кеча Тошкент вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Рустам Холматов “Пахтани 10 кун кеч териб олсак ҳам, ижтимоий соҳа ходимлари теримга олиб чиқилмайди” дея ваъда қилди.

Озодлик Радиоси