10.09.2021 / O'zbekiston

Жиззахда 6 ёшли бола йўл текислайдиган махсус техника остида қолиб ҳалок бўлди

Жиззахда 6 ёшли бола йўл текислайдиган махсус техника остида қолиб ҳалок бўлди

Жиззах вилояти Пахтакор туманида 6 ёшли бола асфальт ётқизишда ишлатиладиган махсус техника остида қолиб ҳалок бўлган. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 7 сентябрь куни 17:10 да Пахтакор тумани Боғишамол қишлоғида йўл текислайдиган махсус техника 6 ёшли болани босиб кетган. Оқибатда бола воқеа жойида вафот этган.

Ҳодиса юзасидан ўтказилган дастлабки суриштирувда аниқланишича, катталар томонидан қаровсиз қолдирилган бола велосипеди билан маҳалла ҳудудида йўл текислайдиган махсус техниканинг орқа томонига яқинлашган. Ҳайдовчи уни кўрмасдан орқага қараб ҳаракатланган пайтида бола техника билан тўқнашиб, йиқилган ва унинг остида қолиб кетган.

Қайд этилишича, мазкур ҳодисанинг рўй беришига ҳайдовчининг эътиборсизлиги, иш жараёнида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмагани сабаб бўлган. Шунингдек, махсус техника атрофида ҳайдовчини огоҳлантириб туриши керак бўлган ёрдамчи ишчилар ҳам бўлмаган.

Таъкидланишича, ҳодиса юзасидан махсус техника тегишли бўлган корхона раҳбарига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 147-моддаси (Йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузиш) билан маъмурий баённома тузилган.

Kun.uz