27.03.2021 / O'zbekiston

ЎЗБЕКИСТОНДА МУСТАҚИЛ КАСАБА УЮШМАСИНИ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДА ҚЎШМА БАЁНОТ

ЎЗБЕКИСТОНДА МУСТАҚИЛ КАСАБА УЮШМАСИНИ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДА ҚЎШМА БАЁНОТ

2021 йил 19 мартда Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги “Индорама Агро” компаниясининг 200 дан ортиқ ходими “Халқ бирлиги” мустақил касаба уюшмасини тузиш бўйича йиғилиш ўтказди. Бу тузилма мамлакатда илк шундай уюшмадир.

Касаба уюшмасини расмий рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар яқин кунларда Адлия вазирлигига топширилади. “Халқ бирлиги” “Индорама Агро”нинг мазкур касаба уюшмасига қўшилишни истаган барча ходимлари учун очиқ бўлади.

Ушбу ташаббус компаниянинг ўз ходимларининг меҳнат ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ кўплаб шикоятларга умуман бефарқлиги ортидан пайдо бўлди. Баъзи ишчилар маҳаллий ҳокимият органларига иш ҳақи камлиги, меҳнат шароитлари оғирлиги, ижтимоий ҳимоя деярли йўқлиги ва шикоят қилувчилардан қасос олиш ҳаракатлари кабилардан шикоят қилишгача бориб етди.

2021 йил февралда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) “Индорама Агро”га 70 миллион доллар миқдорида кредит ажратилишини маъқуллади. Бундан аввал, 2020 йил декабрда Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ҳам компанияга 60 миллион доллар миқдорида қарз берган эди.

ЕТТБ ўзининг экологик ва ижтимоий сиёсатида (фаолиятга оид 2-талаб: меҳнат ва меҳнат шароитлари) ишчиларнинг ўз вакилини сайлаш, ўзи истаган ишчилар ташкилотини тузиш ёки унга қўшилиш ва жамоавий музокараларда иштирок этиш ҳуқуқини тан олади. Лойиҳалар Халқаро меҳнат ташкилотининг асосий, жумладан, 87 ва 98-конвенцияларда акс этган бош принциплари ва стандартларига мувофиқ бўлиши шарт.

Бундан ташқари, ушбу сиёсатга мувофиқ, банк мижозлари “шундай ташкилотлар вакили ёки уларда ва жамоавий музокараларда иштирок этадиган ёхуд шунга уринадиган ишчиларни камситиши ёки тазйиқ ўтказиши, шунингдек, ишчилар ташкилотларининг тузилиши  ва фаолият кўрсатишига аралашиши мумкин эмас”.

ЕТТБнинг мижози сифатида “Индорама Агро” “ўз ходимларини улар ишчилар вакилларини сайлаш, ўз танлови бўйича ишчилар ташкилотларини шакллантириш ва уларга аъзо бўлиш, шунингдек, жамоавий музокараларда иштирок этиш ҳуқуқига эга эканини ҳақида хабардор қилиши шарт” ҳамда касаба уюшмасига аъзолиги сабабли ишчини бандлик соҳасида камситиши мумкин эмас.

Халқаро молия корпорацияси иқтисодий ўсишга интилишда меҳнаткашларнинг асосий ҳуқуқлари, жумладан, уларнинг ҳеч қандай аралашувларсиз ишчилар ташкилотини тузиш ва уларга қўшилиш ҳамда жамоавий музокаралар ўтказиш ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини эътироф этади.

ХМКнинг фаолиятга оид 2-стандарти (ички ходимлар ва меҳнат шароити)га мувофиқ, “Индорама Агро” меҳнаткашларнинг шикоят қилиши ва ҳуқуқларини ҳимоялаши учун яратилган ҳар қандай механизмга таъсир ўтказиш ёки назорат қилишга уриниши мумкин эмас.

Бундан ташқари, “Индорама Агро” ишчилар вакиллари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиши ва конструктив музокаралар ўтказиш учун зарур маълумотларни ўз вақтида тақдим этиши шарт.

Биз стандартларнинг мажбурий характерга эга эканини қайд этамиз. Ўзбекистон пахта сектори контекстида ХМК ва ЕТТБ талабларга риоя этилиши бўйича ўз ташаббуси билан ҳаракат қилиши ва ҳар қандай қонунбузарликлар тезда бартараф этилишини таъминлаши лозим.

Ушбу янги мустақил касаба уюшмасининг рўйхатдан ўтказилиши Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил март ойида янги таҳрирда кучга кирган “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунининг амалиётда қандай қўлланилиши учун муҳим синов ҳисобланади.

Ислоҳотлар йўлидаги ушбу саъй-ҳаракатлардан мақсад Ўзбекистон қонунчилигини мамлакатнинг уюшмалар тузиш ва жамоавий музокаралар ўтказиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга оид халқаро мажбуриятларига  мувофиқлаштиришдан иборат.

1992 йилда Ўзбекистон ХМТнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ва жамоавий музокаралар ўтказиш принципларини қўллаш тўғрисидаги 98-конвенциясини ратификация қилган. Ушбу ҳужжатда “ишчи-хизматчилар меҳнат соҳасида касаба уюшмаларини камситиш ҳаракатларидан муносиб ҳимояланиш ҳуқуқидан фойдаланиши лозимлиги” айтилади.

Қолаверса, ХМТнинг Ўзбекистон томонидан 2016 йилда ратификация қилинган уюшмаларга бирлашиш эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-конвенциясига мувофиқ, “давлат органлари бу ҳуқуқни чеклаш ёки унинг қонуний амалга оширилишига тўсқинлик қиладиган ҳар қандай аралашувлардан тийилиши шарт”. 

Шунинг учун биз:

– Ўзбекистон ҳукуматини “Халқ бирлиги” мустақил касаба уюшмасини ўз вақтида рўйхатга олишга; касаба уюшмаси ташкилотчилари ва аъзоларига нисбатан тазйиқларни бартараф этиш бўйича тез ва қатъий чоралар кўришга;

– ЕТТБ ва ХМКни “Индорама Агро”нинг ўз ишчиларининг ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда мустақил касаба уюшмасини тузиш ва рўйхатдан ўтказишда бетараф туришини, ўз ишчиларининг мустақил касаба уюшмаси тузиш ҳуқуқини ҳурмат қилишини таъминлашга ҳамда касаба уюшмаси ташкилотчилари ва аъзоларига нисбатан тазйиқларни бартараф этиш бўйича тез ва қатъий чоралар кўришга;

– “Индорама Агро”ни ишчилар муаммосини ҳал қилиш учун “Халқ бирлиги”нинг демократик йўл билан сайланган раҳбарияти билан ҳалол музокараларга киришишга ҳамда касаба уюшмаси ташкилотчилари ва аъзоларига нисбатан тазйиқларни бартараф этиш бўйича тез ва қатъий чоралар кўришга чақирамиз.

Имзолаганлар:

Uzbek Forum for Human Rights

CEE Bankwatch Network

Defenders in Development Campaign

International Union of Food, Agricultural, Hotel, Restaurant, Catering, Tobacco and Allied Workers’ Associations (IUF)

Responsible Sourcing Network

Anti-Slavery International

Freedom United

Global Labor Justice – International Labor Rights Forum

Solidarity Center

The American Federation of Labor and Congress of Industrial Organizations (AFL-CIO)

International Accountability Project (IAP)

Bennett Freeman, Co-Founder, Cotton Campaign