19.03.2021 / O'zbekiston

Ўзбекистон тарихидаги илк мустақил касаба уюшмаси тузилди

Ўзбекистон тарихидаги илк мустақил касаба уюшмаси тузилди

Сирдарë вилоят, Сардоба туманидаги Indorama Agro МЧЖ ишчи-хизматчилари 19 март куни ўзларининг илк мустақил касаба уюшмаси Таъсис қурултойини ўтказди.

Қурултойни кузатган Озодлик мухбирига кўра¸тадбирда 280 делегат иштирок этган.

"Халқ бирлиги” деган ном берилган ва 500 дан ошиқ ходимни ўзида бирлаштирган бу мустақил касаба уюшмаси Ўзбекистон тарихида илк бора тузилди.

Қурултойда кўпчилик овоз билан касаба уюшма раислигига сайланган 39 яшар Роза Агайдарова Озодлик билан суҳбатда, мустақил касаба уюшмаси тузиш ишчиларнинг ўз ҳуқуқ эркинликларини ҳимоя қилиш эхтиëжидан келиб чиққанлигини айтди.

Агайдаровага кўра ,“шу пайтгача Ўзбекистонда мавжуд ва феълан давлат райига қарайдиган касаба уюшмалари ишчилар ҳуқуқини деярли ҳимоя қилмагани боис, мустақил уюшма тузишга қарор қилинган".

Агайдарова қурултойни ўтказиш пайтида ташкилий ишларга тўсиқлар бўлганини ҳам таъкидлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 24 октябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 30 ноябрда маъқулланган “Касаба уюшмалари тўғрисидаги” қонун ходимларнинг мустақил касаба уюшмаси тузишига изн беради.

Ўзбекистонда 1991 йилдан бери Касаба уюшмалари федерацияси фаолият юритади.

Бу ташкилот Совет давридаги касаба уюшмаси вориси ҳисобланади.

Озодлик Радиоси