Deklaratsiya

Декларация



Марказий осиёда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кенгайтириш: чақириқлар, тенденциялар, Истиқбол” халқаро учрашуви декларацияси

Қирғиз Республикаси, Бишкек шаҳри, 2016 йил 4 ноябрь

СССР тарқаб кетгандан кейинги ўтган йиллар давомида Марказий Осиёдаги меҳнат муносабатлари тизими сезиларли ўзгаришларга учради. Мустақиллигининг илк йиллари давомида бешта мустақил давлат совет даврининг ижтимоий ҳимоянинг қонунчилик билан мутаҳкамланган тамойиллари ва стандартларини сақлаб қолди. Бундан ташқари, халқаро эътироф қозониш илинжида барча беш мамлакат Халқаро меҳнат ташкилоти - ХМТнинг меҳнаткашларнинг уюшиш ва жамоавий музокаралар ўтказиш ҳуқуқини мустаҳкамловчи асосий конвенцияларини ратификация қилишга шошилишди.

ХМТнинг саккизта асосий конвенцияси барча беш мамлакат томонидан ратификация қилинди. Ушбу конвенциялар ишчиларни иш жойларида дискриминация қилинишдан ҳимояланиш, болаларга ишлаш эмас, ўқиш ҳуқуқини кафолатлаш, шунингдек, ишчиларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ва ўзларининг меҳнат ва яшаш шароитларига тааллуқли масалалар бўйича иш берувчилар билан музокаралар ўтказиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган.

Бироқ бу ҳуқуқлар ва кафолатлар фақат қоғозларда тан олинганича қолиб кетди, уларнинг амалда бажарилишини таъминлаш Ўзбекистонда ва Туркманистонда умуман имконсиз, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистонда қисман мумкин, холос. Жанаўзенда қозоқ нефтчиларининг ўзларининг музокара ўтказиш ҳуқуқини амалга оширишга уриниши шафқатсиз тарзда – отиш ва қатағон қилиш йўли билан йўққа чиқарилди. Бу воқеалар меҳнат муносабатлари амалиётига ишчиларга қарши оммавий қатағонларни ҳам қўшган ҳолда янги воқеликни яратди. Бугун собиқ СССР минтақасидаги барча мамлакатлар ишчиларнинг биргаликдаги ҳаракатларига йўл қўймаслик мақсадида уларга босимларни кучайтириб бориш орқали ижтимоий стандартларни бартараф этиш йўлидан кетмоқда. Бу эса бутун минтақада ижтимоий кескинликнинг кучайишига йўл очиб, куч ишлатиш орқали ҳал этиладиган жиддий ижтимоий низолар хавфини кучайтирмоқда. Марказий Осиёдаги бу тенденциялар, ўз навбатида, Шарқий Европадаги қўшни мамлакатлардаги вазиятга таъсир ўтказиб, ижтимоий стандартлар ва ишчилар ҳимоясининг умумий даражасига путур етказмоқда.

Учрашув иштирокчилари Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари ва мустақил касаба уюшмаларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сингдириш муаммоси бўйича ҳаракатларини мувофиқлаштиришни ривожлантириш зарур, деб ҳисоблайди. Биз Бишкек шаҳридаги 3-4 ноябрдаги учрашувимизни ушбу мувофиқлаштиришнинг бошланиш нуқтаси сифатида кўрамиз ҳамда меҳнат ҳуқуқларини биргаликда ҳимоя қилиш ва уларнинг босқичма-босқич кенгайиб боришига эришишга тайёрлигимизни билдирамиз.

Биз миллий ва халқаро касаба бирлашмалари, ноҳукумат ташкилотлар, экспертлар жамиятларини, шунингдек, фуқаролий жамияти фаолларини Марказий Осиёда меҳнат ҳуқуқлари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ва ташаббусларни биргаликда қўллаб-қувватлаш учун ташкилотларнинг кенг коалициясини шакллантиришга чақирамиз. Биз ўз фаолияти учун таъқибга учраган фуқаролар, касаба уюшмалари фаолларининг озод этилиши ва тўла реабилитация қилинишига, мустақил касаба уюшмалари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳларининг эркин фаолиятини таъминлаш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги “ижтимоий кескинлик келтириб чиқариш” ҳамда фундаментал эркинликларни чекловчи ва Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларига зид бўлган бошқа қоидалар чиқариб ташланишига эришишга интиламиз.

Биз Марказий Осиёда меҳнат ҳуқуқлари бўйича Халқаро касаба уюшмалари мониторинг миссияси тузилганини билдирамиз. Унинг мақсади уюшиш ҳуқуқининг бузилиши амалиёти, дискриминация ва эксплуатациянинг энг ёмон кўринишларидан ҳимояланишга оид ахборотларни умумлаштириш, умумий тенденцияларни таҳлил қилиш ҳамда минтақада умумий ижтимоий-иқтисодий тараққиётга, тинчлик ва барқарорликка эришиш мақсадида ушбу соҳадаги ҳуқуқий вазиятни яхшилаш имкониятларига оид таклифлар тайёрлаш бўлади.