Тезкор эълон қилиш учун
Берлин, 2023 йил 5 сентябрь
2023 йил 3-август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон форуми (Ўзбек Форум) Bankwatch Network кўмагида Ўзбекистондаги энг йирик пахта етиштирувчи корхоналардан бири бўлган “Indorama Agro” компаниясида инсон ҳуқуқларининг бузилиши юзасидан Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) «Мустақил лойиҳанинг ҳисобдорлик механизми» (IPAM)га шикоят хати йўллади.
“Indorama Agro” пахта ишлаб чиқаришни модернизация қилиш учун ЕТТБ ва Халқаро молия корпорациясидан (ХМК) умумий қиймати 130 миллион доллар миқдорида кредит олмоқда. Шикоят Ўзбекистоннинг Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларидаги “Индорама Агро” компанияси фаолиятидаги қонунбузарликлар тўғрисида “Ўзбек форуми” ва маҳаллий ҳамжамиятларнинг кўплаб ҳисоботлари банк ходимлари ва компания раҳбариятига етказилгани, аммо сезиларли яхшиланишлар бўлмагани ортидан берилган.
“Ўзбек форуми” ерларнинг ноқонуний тортиб олиниши, ердан фойдаланиш имконияти йўқлиги, оммавий ишдан бўшатиш ҳолатлари ва меҳнат шартномаларини суиистеъмол қилиниши оқибатида тирикчилик манбаларини йўқотгани, шунингдек, касаба уюшмасини тарқатиб юборишга уринишлар ҳақида хабар берган ўнлаб ишчи ва фермерлар билан суҳбат ўтказди. Бундан ташқари, “Индорама Агро” компаниясига пахта етказиб бериш бўйича шартнома тузган фермерлар улар томонидан топширилган пахта учун тўловлар кечиктирилганлиги ва пахта учун минимал нарх белгиланмаган эксплуатацион шартномаларидан шикоят қилишмоқда.
Очиқ-ошкора гапирадиган ишчилар ва манфаатдор томонлар таҳдид ва ўч олиш хавфи остида қолмоқда. “Ўзбек форуми” мониторлари билан суҳбатдан сўнг фермерлар ва ишчилар хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан сўроқ қилинган ва “халқаро ташкилотлар” билан гаплашмаслик ҳақида огоҳлантирилган.
“Индорама Агро” лойиҳаси бошланганидан бери маҳаллий ҳамжамиятларга катта зарар етказди. Фермерларнинг ерлари бир томонлама тартибда, олдиндан уларнинг розилигисиз ва товон пулисиз компанияга берилган. Бунинг ўрнига, фермерларга доимий иш билан таъминлаш борасида бажарилмаган ваъдалар берилиб, эндиликда улар ўз оилаларини боқишга ҳам қийналмоқда”, - дейди “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми” директори Умида Ниязова. “Биз хабар берган қанчалаб ҳуқуқбузарликларга қарамай, ЕТТБ бу йил компанияга қўшимча 25 миллион доллар миқдорида кредит ажратди. Қани тегишли тартибдаги текширув?”.
“ЕТТБ инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги кўплаб хабарларга қарамай лойиҳани маъқуллади. Банк лойиҳанинг экологик ва ижтимоий таъсирини самарали баҳолай олмади ва Банк стандартлари талаб қиладиган манфаатдор томонларнинг мазмунли иштирокини таъминлай олмади”, - деди Нина Лесикхина, «Bankwatch» сиёсат бўйича ходими. “ЕТТБ Ўзбекистон пахта сектори билан боғлиқ контекстли хавфларни эътиборсиз қолдириб, маҳаллий ҳамжамиятларга зарар етказди. Биз IPAMдан Банкни жавобгарликка тортишини ва тегишли чоралар кўрилишини таъминлашини кутамиз”.
Қисқача маълумот
“Индорама Агро” 2018 йилда Ўзбекистон ҳукумати қарори билан буғдой ва пахта етиштириш учун ташкил этилган глобал кимёвий ва толали конгломерат ҳисобланган Сингапурда рўйхатдан ўтган “Indorama Group”таркибига киради.
Индорама 2016 йилда Фарғона вилоятидаги «Indorama Kokand Textile» корхонасида болалар меҳнатидан фойдалангани юзасидан “Ўзбек форум” томонидан ХМКга пахта теримчилари номидан шикоят йўлланишигасабабчи бўлган. Бироқ, Индорама бошқа банклардан, шу жумладан Осиё тараққиёт банкидан (ОТБ) кредит олишда давом этиб, жумладан яқинда компанияга Ковидни тиклаш ва иқлим ўзгаришини юмшатиш учун 15 миллион доллар миқдорида маблағ ажратган.
Матбуот сўровлари учун:
Умида Ниязова, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми (инглиз, ўзбек, рус)
Нина Лесикхина, Bankwatch Network (инглиз, рус) ninalesikhina@bankwatch.org
Ушбу ҳолат ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун қаранг:
Ўзбек форум, 2021 йил 17-май, “Индорама Агро» Ўзбекистондаги илк мустақил касаба уюшмаси шаклланишига тўсқинлик қиладими?
Sourcing Journal, 2023 йил 14-феврал, “Better Cotton”нинг Ўзбекистондаги дастури мунозараларга сабаб бўлмоқда
Bankwatch Network, 2021 йил 26-январ, ЕТТБнинг сўнгги сармоялари муносабати билан ўзбекнинг кўзини “пахта” билан юмиш
2021 йил 26-март, Ўзбекистонда мустақил касаба уюшмасини ташкил этиш тўғрисидаги қўшма баёнот
Озодлик, 2022 йил 15-декабр, Фермерлар: Кластер бизни қул қилди (ўзбек)
Озодлик, 2021 йил 27-март, Ўзбекистонда биринчи мустақил касаба уюшмаси ташкил этилганига бағишланган тантаналар таҳдид ва таъқиблар билан тўхтатилди
Озодлик, 2021 йил 21 май, Ойликлар қисқарганидан норози “Индорама Агро” ишчилари "бетонка"да велонамойиш уюштирди (ўзбек)