Расмий релизга кўра, бугунги кунгача пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан соҳага 5 миллиард 300 миллион доллар инвестиция киритилган, уларга 3 миллиард доллар имтиёзли кредитлар ажратилган. Кластерлар томонидан 4 миллиард долларлик 265 та лойиҳа ишга туширилиб, 300 мингта янги иш ўрни яратилган. Натижада пахта ҳосилдорлиги 30 фоизга ошиб, 26 центнердан 34 центнерга етди.
Лекин жойларда кластер ва фермерларни қийнаётган муаммолар ҳам бор. Жумладан, қўшилган қиймат солиғини ўз вақтида тўламаганлиги сабабли фермер хўжаликларида пеня қарздорлиги вужудга келган.
7 мингта фермер пахта майдонларини насослар орқали суғоришга мажбур бўлаётир. Фючерс шартномалари тузишнинг охирги муддати белгиланмаган, шартномаларни рўйхатга олиш бўйича шаффоф тизим йўқ.
Йиғилишда соҳадаги шу каби муаммолар муҳокама қилиниб, зарур чоралар белгиланди.
Хусусан, пахта майдонларини насос билан суғориш учун кетган электр энергияси харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилиши қайд этилди.
Ўтган йили ички бозорда минерал ўғит нархи ўртача 50 фоизга ошиб, танқислик юзага келган эди. Шу боис минерал ўғитларга божхона имтиёзларини яна 3 йилга узайтириш таклифи билдирилди.
Мутасаддиларга кластер ва фермерлар ўртасидаги шартномаларни тартибга солиш ҳамда ҳисоб-китобларни жойига қўйиш, пахта ва ғалла етиштиришни мувофиқлаштириб бориш бўйича кўрсатмалар берилди. Қўшилган қиймат солиғини ўз вақтида тўламаганлик учун фермер хўжаликларига ҳисобланган пенялар, истисно тариқасида, ҳисобдан чиқарилиши белгиланди.
Фючерс шартномаларини солиқ органларининг электрон ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Агроплатформа” ахборот тизимига интеграция қилиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, энди Нью-Йорк биржасининг ўртача ойлик фючерс котировкалари таҳлили Қишлоқ хўжалиги вазирлиги веб-сайтида эълон қилиб борилади.
Пахтачилик йўналишидаги илмий институтларни ишга солиб, чет элларда қўлланилаётган унумдор ва кам сув талаб қилувчи навларни маҳаллийлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда, умуман, қишлоқ хўжалигидаги жорий йилги вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Жумладан, 400 миллион долларлик 600 та лойиҳа ишга туширилиши, қўшимча 185 минг тонна сақлаш ва қайта ишлаш қувватлари ҳамда 33 та туманда агрохизмат марказлари ташкил этилиши айтилди.
Ипакчилик саноатида 3 триллион сўмликдан зиёд маҳсулот тайёрланиб, қарийб 110 миллион долларлик экспорт қилинмоқда. Лекин бу тармоқда салоҳият янада катта. Шу боис Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига бу йил 26 минг тонна пилла, 1,3 миллион дона қоракўл териси ва 40 минг тонна жун ишлаб чиқариш вазифаси қўйилди.
300 минг гектарда сув тежовчи технологиялар ўрнатиш, 200 минг гектар ерни лазерли текислаш режалаштирилган. 100 минг гектар экин ерларини тақсимлаб, 2 миллиондан зиёд аҳолининг бандлигини таъминлаш ҳам муҳим вазифалардан. Бу асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етарли бўлиб, бозорларда нарх-наво барқарор бўлишида ҳам аҳамиятга эга.
Шунингдек, юртимизда озиқ-овқат саноатида олий ва ўрта бўғин мутахассисларига эҳтиёж катта. Шунинг учун хорижий давлатлар тажрибаси асосида бу соҳада янги институт ташкил этиш таклифи маъқулланди.