18.08.2021 / O'zbekiston

Педагогик фаолият ҳуқуқи: нима учун кўзи ожиз педагоглар ҳали ҳамон камситилмоқда?

Педагогик фаолият ҳуқуқи: нима учун кўзи ожиз педагоглар ҳали ҳамон камситилмоқда?

Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш учун кўзи ожиз ўқитувчиларни таълим тизимига жалб этиш муҳим аҳамиятга эга. Аммо педагогик фаолиятни амалга оширишлари учун уларга тенг шароит ва имкониятлар яратилганми? Aбдулло Aбдухалилов ва Дилмурод Юсупов ўз тажрибалари ва педагогик фаолиятдаги инклюзиянинг муваффақиятли мисоллари асосида ушбу муаммони ўрганишди.

Сўнгги пайтларда ногиронлиги бўлган шахсларга кўпроқ эътибор қаратилмоқда, бу 28 июлда Ўзбекистонда Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция кучга кирганлиги билан ҳам тасдиқланмоқда. Бундан буён Конвенция давлатимизга ногиронларга барча инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини бошқалар билан тенг асосда амалга ошириш учун барча зарур шароитларни яратиб бериш мажбуриятини юклайди.

Шундай ҳуқуқлардан бири «Таълим тўғрисида"ги қонуннинг 44-моддасида мустаҳкамланган педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидир. Шунингдек, ушбу қонуннинг 45-моддасида педагог ходимлар таркибининг мақоми белгиланади ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилишини кафолатлайди.

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун олий ўқув юртларига қабул учун қўшимча 2% квота жорий этилгандан сўнг, 2018−2019 ўқув йилидан бошлаб, педагогика бўйича дипломга эга бўлган мутахассислар сони сезиларли ўсиши кутилмоқда. Бироқ, шу билан бирга, турли даражадаги таълим муассасаларидаги муносабат ва муҳит билан боғлиқ тўсиқлар туфайли уларни педагогика соҳасида муносиб иш билан таъминлаш бўйича кескин муаммо юзага келмоқда.

Кўзи ожиз абитуриентларни имтиёзли асослар билан олий ўқув юртларига қабул қилиш 2% квота жорий қилинишидан анча олдин амалга оширилаётган эди ва ҳозиргача ҳукуматнинг алоҳида қарори билан тартибга солинади. Натижада, миқдорий нуқтаи назардан, кўзи ожизлар орасида олий маълумотли одамлар сони бошқа ногиронлиги бўлган шахсларга қараганда анча кўп. Афсуски, олий ўқув юртларини тугатгандан сўнг, кўзи ожиз битирувчилар ўз мутахассислиги бўйича иш топишда тўсиқларга дуч келишади.

Педагогик фаолият кўриш қобилияти чекланган кишилар учун устувор мутахассисликлардан биридир. Бироқ, миллий таълим тизимининг турли даражаларида уларнинг педагогик фаолият ҳуқуқини амалга ошириш учун барча зарур шароитлар яратилганми?

Келинг, кўзи ожиз педагоглар учун мавжуд ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни ўрганиб, бу масалани таҳлил қиламиз.

Шартли равишда биз кўзи ожиз педагогларни уч турга бўлишимиз мумкин: кўриш қобилияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда ишлайдиганлар; умумий таълим мактабларида ишлайдиганлар; олий ва ўрта махсус ўқув муассасаларида ишлайдиганлар. Бу мутахассислар гуруҳларини алоҳида кўриб чиқамиз.

Махсус мактаблар ҳаммани сиғдираолмайди!

Кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда болалар ва ўқитувчилар учун зарур шарт-шароитларни яратиш мажбурий тартибда амалга ошириладиган ишлар сирасига киради. Кўзи ожиз ўқитувчилар фаолиятини самарали олиб бориши учун мактаб-интернат котиб тайинлайди. Умуман олганда, бу мактаблардаги муҳит кўзи ожиз педагоглар учун энг ижобий муҳитдир, чунки улар бу ерда кўриш қобилияти чекланган кишиларнинг меҳнат қобилияти ҳақидаги салбий стереотипларга ва хурофотларга тўла жамиятдан ҳимояланган ўз муҳитларида ишлашади.

Таъкидлаш жоизки, кўплаб педагогик олий ўқув юртларини тамомлаган кўзи ожиз талабалар айнан бир вақтлар ўзлари таҳсил олган махсус мактабларида иш топишга интилишади, чунки у ерда улар учун барча зарур шароитлар яратилган. Бундан ташқари, махсус мактаб-интернат ўқитувчилари оддий умумтаълим мактаблари ўқитувчиларига нисбатан анча аҳамиятли ижтимоий ҳимоя билан таъминланган.

Лекин махсус мактаблар ҳаммани ҳам сиғдираолмайди! Бутун республика бўйлаб кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун фақат 14 та мактаб-интернат фаолият кўрсатмоқда, уларда 2830 дан ортиқ бола ўқийди ва 823 ўқитувчи ва 606 тарбиячи ишлайди. Кўзи ожизлар жамияти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 66 мингдан ортиқ кўриш қобилияти чекланган шахслар рўйхатга олинганини инобатга оладиган бўлсак, олий таълим муассасаларининг барча кўзи ожиз битирувчиларини ихтисослаштирилган мактабларда ишга жойлаштиришнинг имкони йўқ.

Ҳозирги вақтда ногиронлиги бўлган болаларнинг 26,8 фоизи ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларга қамраб олинган. Ўтган йили қабул қилинган инклюзив таълимни ривожлантириш концепциясида 2025 йилгача мактаб-интернатдаги болалар сонини босқичма-босқич 16%га қисқартириш ва умумий ўрта таълим муассасаларида ўқиётган ногиронлиги бўлган болаларнинг улушини ҳозирги 16,5% дан 40% гача ошириш кўзда тутилган.

Агар кўзи ожиз бола оддий мактабга ўқишга кирса, у учун барча оқилона қулайликлар олдиндан тайёрланиши керак — қулай форматлардаги (Брайл алифбосида, катта шрифтда ёки аудио форматида) ўқув материаллари. Мактабда кўриш қобилияти чекланган ўқувчига индивидуал ёрдам кўрсатадиган малакали ўқитувчиларнинг мавжудлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Кўзи ожиз ўқитувчилар Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш учун муҳим инсон ресурсига айланиши мумкин, чунки улар нафақат ихтисослаштирилган педагогик маҳоратга эга (Брайл алифбосида ёки бошқа форматларда бажарилган уй вазифалари ва назорат ишларини текшириш), балки кўзи ожиз ва заиф кўрувчи ўқувчилар билан бўлишадиган ҳаётий тажрибага эга. Бундан ташқари, агар кўзи ожиз ўқитувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилса, у ҳолда улар ногиронлиги бўлмаган болаларга ҳам таълим беришлари мумкин.

Умумтаълим мактабларининг эшиклари очиқми?

Агар махсус мактаб-интернатлар барча кўзи ожиз университет битирувчиларини ёллай олмаса, уларнинг оддий мактаблардан иш қидиришдан бошқа иложлари йўқ. Аммо умумий таълим мактабларининг аксарияти илгари бундай тажрибага эга бўлмаганлиги боис ногиронлиги бўлган ўқитувчиларни ишга жойлаштириш учун жавобгарликни ўз зиммасига олишдан қўрқишади. Баъзилар ҳатто кўзи ожиз кишилар таълим муассасаларида умуман ишламаслиги кераклигини очиқ айтишади.

Халқ таълими вазирининг 2019 йил 28 декабрдаги 406-сонли буйруғининг 19-бандига мувофиқ, ҳозирги вақтда Халқ таълими вазирлиги кўзи ожиз ўқитувчилар учун «таржимон-котиба»ларни ажратади: «Кўзи ожиз ўқитувчилар дарс берадиган мактабларда ҳар иккита ожиз ўқитувчига 1,0 бирлик таржимон-котиба ажратилади. Агар мактабда битта кўзи ожиз ўқитувчи ишласа, у учун 1,0 бирлик таржимон-котиба белгиланади».

Шунга қарамай, Халқ таълими вазирлигининг мазкур буйруғи билан озчилик таниш ва унинг баъзи камчиликлари бор. Биринчидан, ҳужжатда кўриш қобилияти бўйича қайси гуруҳ ногиронларигига эга ўқитувчиларга бу хизмат кўрсатилишини аниқ белгиланмаган. Масалан, Ўзбекистон Фанлар академияси адабиётшунослик аспирантурасини тамомлаган, «ўзбек филологияси» йўналиши бўйича дипломга эга мутахассис Мадина Боллиевага бир ярим йилдан буён таржимон-котиба ажрата олишмаяпти.

«Мен Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги 187-сонли умумий ўртатаълим мактабида ишлайман ва рус тилида гапирадиганлар учун ўзбек тилидан дарс бераман. Таржимон-котиба бериш ҳақидаги ёзма аризамга мактаб директори рози бўлди ва бизнинг талабимиз туман ХТБ молия бўлимига юборилди. Улар менга таржимон-котиба штатини ажратишди, лекин кейин улар мен кўзи ожиз эмаслигим, балки кўриш қобилиятим заиф бўлгани сабабли Вазирлик қарори мезонларига мос келмаслигимни айтишди», — тушунтиради кўриш бўйича II гуруҳ ногиронлиги бўлган педагог Мадина Боллиева.

Иккинчидан, таржимон-котибаларни танлаш тартиби ва мезонлари кўрсатилмаган. Баъзи мактабларда таржимон-котибанинг олий маълумотли бўлиши талаб қилинган ҳолатлар бўлган. Лекин қайси олий маълумотли одам арзимаган маош билан таржимон-котиба бўлиб ишлашга рози бўлади? Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети магистратурасини тугатаётган инглиз тили ўқитувчиси, I гуруҳ ногиронлиги бўлган Дилдора Муслимова шундай вазиятга тушди.

«Мен умумий таълим мактабида иш топмоқчи бўлганимда, менга таржимон-котибам инглиз тилини биладиган олий маълумотли бўлиши лозимлиги шарти қўйилди. Лекин қандай олий маълумотли одам таржимон-котибанинг арзимас маоши билан ишлашга рози бўлади? Менимча, бундай шароитда ҳеч ким бундай ишга рози бўлмайди. Шу баҳона билан мактаб мени ишга қабул қилишдан бош тортди», — дейди Дилдора Муслимова ўз тажрибаси ҳақида.

Кўпгина ожиз педагоглар ўз эҳтиёжларига қараб таржимон-котибаларини мустақил танлаш имкониятига эга эмаслар. Бундан ташқари, «таржимон-котиба» сўзининг шаклланиши ҳам ноқулайлик туғдиради. Бу ушбу лавозимга фақат аёллар талабгор бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Шунингдек, таржимон-котиба айнан қандай таржима ҳизматларини кўрсатиши номаълум, чунки кўзи ожиз шахслар ёзиш ва ўқиш учун Брайл алифбосидан фойдаланишади ва бошқа тилда гаплашишмайди.

Бундан ташқари, «таржимон-котиба» штат лавозимининг номи ўқиш ва ёзиш учун кўрсатиладиган чекланган хизматлар турини англатади ва кўзи ожиз педагогларга индивидуал ҳамроҳлик қилиш эса унинг вазифаларига кирмайди. Бироқ, таълим муассасаларининг биноларда кўпинча қулай муҳит ва оқилона қўлайликлар йўқлиги сабабли, таржимон-котиба бу вазифаларни бажариши керак, акс ҳолда ўқитувчининг меҳнат қилиши учун зарур имкониятлар яратилмайди.

Таржимон-котибага қўйиладиган талаблар — ХТВ тушунтиришлари

Халқ таълими вазирлиги кўзи ожиз ўқитувчилар учун таржимон-котибларни ажратиш тартиби тўғрисидаги тушунтириш бериш сўровимизга жавобан, таржимон-котиблар кўзи ожиз ўқитувчиларга тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК) томонидан берилган ишларни бажариш мазмуни, ҳажми, сифати ва шартларига қўйиладиган талабларга мувофиқ меҳнат фаолиятини амалга ошириш лаёқати бўйича тавсиясига (маълумотнома) асосан туман (шаҳар) молия бўлимлари томонидан ажратилишини маълум қилди.

Бошқача қилиб айтганда, ХТВнинг норматив-хуқуқий ҳужжатларда кандай гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун таржимон-котибалар ажратилиши аниқ белгиланмаган бўлиб, ТМЭК томонидан берилган тиббий хулоса таржимон-котиба хизматлари билан таъминлашга асос бўлар экан.

Шунингдек, Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига (ХАЛИКК-2020) «Кўзи ожиз мутахассис котиби» хизматчи лавозими 5505 тартиб рақами остида киритилганлиги ҳақида ХТВдан қўшимча маълумот олдик. Унда «Кўзи ожиз мутахассис котиби» хизматчи лавозимига техник ходим талаби кўрсатилган экан.

Классификаторга кўра, бундай ходимлар «4» кодига мувофиқ тегишли маълумотга эга бўлишлари керак: «бошланғич касбий маълумот ва касбий тажриба ёки ўрта-махсус таълим ёки таълим муассасалари ёки касб-ҳунар таълими дастурлари бўйича узоқ муддатли касбий тайёргарлик курслари ёки валидациядан ўтган камида 1 йил давом этадиган касб-ҳунар таълими дастурлари».

Шу нуқтаи назардан, баъзи мактабларнинг кўзи ожиз ўқитувчининг таржимон-котибаси ўзи олий касбий маълумотга эга бўлиши кераклиги ҳақидаги талаблари асоссиздир. ХАЛИКК-2020 классификаторига кўра, таржимон-котибалар лавозимида, шунингдек, ўрта махсус маълумотли ёки касбий тайёргарлик курсларини тамомлаган шахслар ишлашлари мумкин.

Яқинда қабул қилинган Халқ таълими вазирининг 1 июлдаги 206-сонли буйруғининг 17-бандига биноан таржимон-котибанинг вазифалари ҳам тасдиқланган. Бироқ, ўқитувчиларнинг мактаб ичкарисида ва ташқарисида ҳаракатланишига индивидуал ёрдам кўрсатиш вазифалари киритилмаган. Бундай вазифалар ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими ривожланган мамлакатларда одатда шахсий ёрдамчилар бажарадиган вазифалар турига киради.

ОТМлар, коллежлар ва лицейлар эшиги ёпиқлигича қолмоқда

Афсуски, халқ таълими тизимида амалда бўлган ҳаттоки бундай норматив-ҳуқуқий ҳужжат Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида йўқ: таржимон-котибалар ОТМ, коллеж ва лицейларда фаолият юритаётган ёки юритишни истаган кўзи ожиз педагоглар учун ажратилмайди. Олий ва ўрта махсус таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини шахсий ёрдамчилар билан таъминлаш тартибини мувофиқлаштирувчи қонуний асос йўқ.

ОТМлар, коллежлар ва лицейларнинг кўзи ожиз педагогларини қўлда санаш мумкин, чунки уларга педагогик фаолиятни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмаган. Иш билан таъминланган кам сонли педагоглар эса шахсий ёрдамчилари харажатларини ўз маошидан тўлашга мажбур бўлмоқдалар.

Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга асосан оқилона қулайликларни тақдим этишда рад этиш ногиронлик белгиси бўйича камситиш деб ҳисобланади. Шундай қилиб, кўриш қобилияти чекланган ўқитувчиларнинг Олий таълим вазирлиги тизимида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи чекланмоқда.

Кўзи ожиз педагогларни оқилона қулайликлар билан таъминлашнинг муваффақиятли амалиёти мисолларидан бири — Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети раҳбариятининг яқинда қабул қилган кўзи ожиз педагогларга ўзларининг танловлари асосида шахсий ёрдамчини тақдим этиш қароридир. Бироқ, бу амалиёт ОТМ маъмуриятининг хайрихоҳлигига боғлиқ бўлган биргина ҳолатдир.

Кўзи ожиз ўқитувчиларнинг очиқ камситилишига йўл қўймаслик ва уларнинг педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини таъминлаш учун тизимли чоралар кўриш зарур. Кўзи ожиз педагогларни меҳнат фаолиятига жалб қилиш кўзи ожиз шахсларни самарали ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, инклюзив таълимни ривожлантириш ва умуман инклюзив жамият яратиш вазифаси бўлиб хизмат қилади.

Таълим тизимига кўзи ожиз педагогларни қандай жалб қилиш мумкин?

Кўзи ожизларнинг катта қисми олий маълумот олишига қарамай, уларнинг кўпчилиги ўз салоҳияти ҳақидаги салбий стереотиплар ва оқилона қулайликларнинг йўқлиги туфайли ўзларини профессионал даражада намоён қила олмаяптилар. Турли даражадаги таълим муассасаларига ишга кира олмаслиги кўзи ожиз педагогларнинг ногиронлиги бўлмаган ўқитувчилар билан тенг асосда педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини чеклайди.

Мазкур муаммони нафақат кўзи ожиз педагоглар, балки кўриш қобилияти чекланган барча кишилар учун шахсий ёрдамчи (инглиз тилида «personal assistant») хизматини жорий этиш орқали ҳал қилиш мумкин. Шунинг учун, «таржимон-котибалар» деган тор тушунчани шахсий ёрдамчиларга ўзгартириш зарур, чунки бу концепция уларнинг функционал вазифаларини кенгайтиришга ва бундай хизматларни кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фуқароларнинг барча тоифаларига тақдим этишга хизмат қилади.

Кўзи ожиз ўқитувчиларга таълим муассасаси туридан қатъи назар — мактабгача таълим муассасаси, мактаб, ўрта махсус ёки олий таълим муассасаси бўладими, шунингдек давлат ёки хусусий таълим муассасаси бўладими, шахсий ёрдамчилар ажратилиши лозим.

Бунинг учун, биринчи навбатда, қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш учун нафақат ожиз педагогларга, балки кўриш қобилияти чекланган барча кишиларга уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда шахсий ёрдамчи хизматлари кўрсатишнинг ягона меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш ва ишлаб чиқиш зарур. Масалан, шахсий ёрдамчиларнинг хизматларига ҳозирда шунга ўхшаш ижтимоий хизматлар билан таъминланмаган кўзи ожиз ОТМ талабалари ҳам муҳтож.

«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги қонунга Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ «оқилона қулайликлар» таърифини, шунингдек «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида"ги қонунга «шахсий ёрдамчилар» таърифини киритиш зарур. Шунингдек, мазкур хизмат қонун ва идоравий меъёрий ҳужжатларда ногиронларнинг қайси тоифалари ва гуруҳларига ва қай даражада кўрсатилишини аниқ белгилаш мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, шахсий ёрдамчилар хизматларини кўриш қобилияти чекланганларга кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатига киритиш зарур. Шу билан бирга, шахсий ёрдамчиларни мавжуд маълумотлар базасидан танлаш имконияти билан давлат бюджети ҳисобидан шахсий ёрдамчилар хизматининг кафолатланган минимал соатларини қонунийлаштириш керак.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тиббий ва ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ҳузурида шахсий ёрдамчи хизматининг ташкил этилиши нафақат таълим соҳаси учун, балки ногиронлиги бўлган шахслар ҳаётнинг барча соҳаларида шахсий ёрдамчиларни тўғри тайёрлаш ва қайта тайёрлаш орқали кўрсатиладиган хизматлар сифатини тўғри назорат қилишни таъминлайди.

Муаллифларнинг фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламасилиги мумкин.

Абдулло Абдухалилов — Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий иш кафедраси доценти, социология фанлари номзоди, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раисининг стратегик режалаштириш бўйича ўринбосари.

Дилмурод Юсупов — Сассекс университети (Буюк Британия) Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти.

Gazeta.uz