08.02.2020

ЯКУНИЙ ҲУЖЖАТ- Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро

ЯКУНИЙ ҲУЖЖАТ- Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро

ЯКУНИЙ ҲУЖЖАТ

Демократия, ижтимоий адолат ва тинчлик:

Марказий Осиё мамлакатларининг истиқболи

2019 йил 14-16 ноябрь куни Бишкек (Қирғизистон)да йиғилган ҳамда Беларусь, Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Франция, АҚШ, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украинанинг мустақил касаба уюшмалари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларини тамсил қилувчи Марказий Осиёда меҳнат ҳуқуқлари бўйича Халқаро мониторинг миссиясининг учинчи мувофиқлаштирувчи учрашуви иштирокчилари 2019 йилда рўй берган воқеалар юзасидан фикр ва маълумотлар алмашиб, Марказий Осиё мамлакатларида меҳнаткашларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Халқаро меҳнат ташкилотининг асосий конвенцияларида қайд этилган ҳуқуқларга риоя этилиши борасидаги оғир вазият – минтақада мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати, камситиш, хусусан, хотин-қизлар ва меҳнат мигрантлари таҳқирланиши, мустақил касаба уюшмалари ва меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолиятига турли чеклашлар қўйилиши ҳолатлари сақланиб қолаётганини қайд этади.

Қозоғистонда мустақил касаба уюшмалари фаолларига қарши қатағонлар тўлқини давом этмоқда. Бу қатағон касаба уюшмалари фаолиятига қонунчиликда ўрнатилган чекловлар, давлат органларининг уларнинг ички ишларига аралашуви, касаба уюшмалари етакчилари ва фаолларини маъмурий ва жиноий таъқиб қилиш, мустақил касаба уюшмаларини тугатиш кабиларда намоён бўлмоқда.

ХМТнинг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги тавсиялари бажарилмади, киритилган ўзгартиришлар юзаки бўлиб, Қозоғистондаги меҳнат муносабатларида ушбу қонун ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти асосида шаклланган репрессив ва чекловчи моделнинг бартараф этилишини таъминланмади. Меҳнат муносабатларининг ушбу моделини қўллаб-қувватлашда давлат назоратидаги касаба уюшмалари алоҳида ўрин тутади.

2019 йил июлда Қозоғистондаги ёқилғи-энергетика комплекси ходимлари мустақил касаба уюшмаси етакчиси Ерлан Балтабай сиёсийлаштирилган иш бўйича етти йилга озодликдан маҳрум этилди. Халқаро бирдамлик кампанияси ўтказилиши натижасида жорий йилнинг август ойидаёқ Ерлан Балтабай президент томонидан афв этилиб, озодликка чиқарилди. Аммо октябрь ойида у яна ҳибсга олиниб, беш ойга озодликдан маҳрум этилди. Бу эса халқаро ҳамжамиятнинг кўплаб норозиликларига сабаб бўлди.

Кенг кўламли жамоатчилик кампанияси, касаба уюшмалари, меҳнаткашлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг норозиликларига қарамай, парламенти икки ўқишда “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган Қирғизистонда хавотирли вазият юзага келмоқда. Бу қонун лойиҳаси мамлакатдаги касаба уюшмалари маконини монополия қилиш учун шароит яратади, ишчиларнинг бирлашма эркинлиги ва касаба уюшмалари фаолиятини кескин чеклайди, давлат органларининг касаба уюшмалари фаолиятига аралашуви учун имконият беради. Қонун лойиҳаси ишчилар ва касаба уюшмаларига қарши моҳиятга эга бўлиб, меҳнат ҳуқуқлари соҳасидаги асосий халқаро меъёрларга зиддир.

Тожикистонда касаба уюшмалари ўз фаолиятида меҳнаткашларни эркин бирлаштиришга қодир, уларни тамсил қилувчи ва манфаатларини ҳимоя этувчи, давлат органлари ва иш берувчилардан мустақил ташкилот сифатида етарли даражада фаол эмаслиги кузатилади. Мамлакатда қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан боғлиқ муаммолар қаторига касаба уюшмалари ва нотижорат ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш жараёнидаги мураккабликлар ва оммавий акциялар ўтказиш тартибидаги чекловларни киритиш мумкин.

Туркманистондаги ўта авторитар, ташқи оламдан буткул ёпиқлиги ва мамлакатдаги ички ҳаётни тўлиқ назорат этиши билан ажралиб турадиган сиёсий режим мустақил касаба уюшалари, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари тузилишига имкон бермайди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Гаспар Маталиевнинг озод этилганини олқишлаган ҳолда у пахта терими вақтида мажбурий меҳнат қўлланилаётгани ҳолатларини ёритгани учун қамоқда жазо муддатини тўлиқ ўтаб чиққанини ҳам қайд этмаслик мумкин эмас. Айни пайтда пахта терими вақтида турли секторлар ишчи-хизматчиларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланилиши ҳамма жойда тизимли равишда давом этаётир.

Ўзбекистонда пахтачиликда мажбурий меҳнатдан фойдаланишга нисбатан ижобий динамика кузатилмоқда. Бу соҳада болалар меҳнати тизимли ҳолат сифатида тугатилмоқда, аммо ҳозир ҳам аксарият қишлоқ аҳолисининг қашшоқлиги асосий сабаб ўлароқ, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўлланилишда давом этмоқда. Иқтисодиётнинг маҳсулотларга давлат буюртмаси мавжуд бўлган пахтачилик ва пиллачилик секторларида ҳам катталарнинг мажбурий меҳнати сақланиб турибди. Давлат текин, “жамоат ишлари” деб аталадиган ишларга давлат хизматчиларини мунтазам равишда жалб этади. Шу билан бирга, мажбурий меҳнат тобора яширин кўриниш олмоқда, масалан, ишчи-хизматчилар “пахта теримида ихтиёрий қатнашиш” ҳақида тилхат беришга мажбурланмоқда. Мамлакатда меҳнаткашларнинг мустақил ташкилотлари йўқлиги алоҳида муаммо ҳисобланади. Мавжуд касаба уюшмалари давлатдан мустақил ҳисобланмайди, ноҳукумат ташкилотлар эса рўйхатдан ўтишни рад этиш амалиёти билан рўбарў келиб, доимий босим остида турибди.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро мониторинг миссияси учинчи мувофиқлаштирувчи учрашуви иштирокчилари:

— Қозоғистон Республикаси президенти ва ҳукуматини:

1. Ерлан Балтабайни дарҳол озод этиш ва уни жиноий таъқиб этишни тўхтатишга, Ерлан Балтабай, Лариса Харькова, Амин Елеусинов, Нурбек Кушакбаевга нисбатан чиқарилган барча ҳукмларни, уларнинг касаба уюшмалари фаолияти билан шуғулланишига ўрнатилган барча чекловларни бекор қилишга;

2. Қозоғистон Республикаси мустақил касаба уюшмалари конфедерацияси ва унинг тармоқ субъектлари – Ёқилғи-энергетика комплекси ходимлари касаба уюшмаси, Жамоатчилик ва уй хизматчиларининг “Адолат” касаба уюшмасини, Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиёт ходимлари касаба уюшмаларини тугатиш ҳақидаги қарорни бекор қилишга;

3.  Роза Тулетаева, Максат Досмагамбетов (марҳум) ва Жанаўзендаги 2011 йилдаги тинч иш ташлаш акциясининг бошқа фаоллари ишини қайта кўриб чиқиш ва реабилитация қилишга;

4. Жанаўзен иши бўйича айбланувчиларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани юзасидан келиб тушган барча шикоятларни батафсил ўрганиб чиқишга, бу қийноқларни қўллаганлар, шунингдек, Жанаўзенда тинч фуқароларга қарши қурол ишлатишга буйруқ берганлар ва уларни отишда қатнашганларнинг барчасини тегишлича жазолашга;

5. Ишчи фаол, ишсизлар ҳаракати ташкилотчиси, жамоатчилик фаолияти учун ҳибсга олинган Ержан Елшимбаевга қарши жиноят ишининг холис қайта кўриб чиқилишини таъминлашга;

6. “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритиш бўйича ХМТ тавсияларини ижро этишга, меҳнат муносабатларини тартибга солувчи қонунчиликка тўлақонли ва батафсил ўзгартиришлар киритишга, мустақил касаба уюшмаларининг очиқ ва эркин фаолият юритишига имконият яратишга;

7. Фикрни эркин ифода этиш, уюшмалар, ташкилотлар, касаба уюшмалари фаолияти эркинлиги, тинч йиғинлар эркинлиги учун таъқиб қилишга оид жиноий ва маъмурий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга.

— Қирғиз Республикаси президенти, Жўқорғў Кенеши ва ҳукуматини:

1. Қирғизистон касаба уюшмалари федерацияси фаолиятига ҳар қандай аралашувларга чек қўйишга, фуқаролик жамияти ташкилотлари, жумладан, “Бир дунё” инсон ҳуқуқлари ҳаракати фаолияти учун қулай шароитларни яратишга;

2. “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини чақириб олиш, рад этиш ёки унинг қабул қилинишига президент ветоси қўйишга.

— Тожикистон Республикаси президенти ва ҳукуматини:

1. Касаба уюшмалари, жамоатчилик бирлашмалари ва нотижорат ташкилотларни рўйхатга олиш жараёнларини янада оддий ва мантиқли қилишга, рўйхатга олиш жараёнини қийинлаштирувчи қўшимча қонунлар қабул қилишдан воз кечишга, бундай бирлашмаларни битта ҳудуд даражасида, яъни уларнинг ўз фаолиятини бошқа ҳудудларда кенгайтиришига тўсқинлик қилувчи рўйхатга олиш амалиётини бекор қилишга;

2. Оммавий акциялар ўтказилишини тартибга солувчи қонунчиликни қайта кўриб чиқишга, уни йиғинлар эркинлиги ҳуқуқига оид халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга, оммавий акциялар ўтказиш тартибини соддалаштиришга;

3. ХМТнинг бирлашиш эркинлиги соҳасидаги асосий конвенция меъёрларини миллий қонунчиликка уйғунлаштириш механизмини ишлаб чиқишга.

Туркменистон президентини:

Сиёсий тизимни ислоҳ қилишга, мамлакатга мустақил оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари киришини таъминлашга, қатағон қилинган жамоатчилик фаолларини реабилитация қилишга.

— Ўзбекистон Республикаси президенти ва ҳукуматини:

1. Фермер хўжаликларига ердан ихтиёрига кўра фойдаланиш, экиладиган экин турини эркин танлаш, етиштирилган ва ишлаб чиқарилган маҳсулоти нархини ўзи белгилаш каби иқтисодий эркинликларни кафолатлаш учун қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар ўтказишга;

2. Жамоат бирлашмалари ва нотижорат ташкилотларни рўйхатга олишнинг енгиллаштирилган жараёнини жорий этишга, фуқароларга ўз танловига кўра касбий ташкилотлар тузиш ва уларга аъзо бўлиш ҳуқуқини таъминлашга;

3. Пахтачиликдаги меҳнат муносабатлари мониторинги иштирокчилари, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамжамияти вакиллари Елена Урлаева (суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган), Дмитрий Тихонов, Малоҳат Эшонқулова, Нафосат Оллошукурова, Маҳмуд Ражабов, Давлатназар Рўзметов (марҳум)га нисбатан белгиланган маъмурий ундирувлар ва жиноий жазоларни бекор қилишга; илгари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган фуқаровий фаолларга қайтиш учун эркинлик ва хавфсизлик кафолатларини тақдим этишга;

4. Мажбурий меҳнат қўлланилганига оид хабарларнинг мустақил ва батафсил ўрганилишини ташкил этишга; бошқаларни фуқароларни пахта теримига ёки “жамоат ишлари”га мажбурлайдиган ва ундайдиган амалдорларнинг халқаро стандартларга мувофиқ адолатли суд жараёнларига тортилишига; айбдор деб топилганларни айбига яраша жавобгарликка тортишга ЧАҚИРАДИ.

Миссиянинг учинчи мувофиқлаштирувчи учрашуви иштирокчилари Марказий Осиё минтақасидаги меҳнат муносабатлари соҳасидаги вазиятни ўрганиб:

1) Марказий Осиё меҳнаткашлари вазиятига оид ахборотларни тўплаш ва умумлаштириш, ишчилар ва касаба уюшмалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш, улар ўртасида тажриба алмашиш ва ўзаро ҳамкорликка кўмаклашиш борасидаги ишларни давом эттириш;

2) касаба уюшмаларининг мустақиллиги тамойилини ишчиларнинг демократик меҳнат муносабатлари ва ижтимоий-иқтисодий жараёнлардаги иштирокини таъминлайдиган ягона восита сифатида ҳимоя қилиш;

3) норасмий иқтисодиётда, жумладан, меҳнат мигрантлари ва хотин-қизларнинг ишчи-хизматчиларнинг ўз ташкилотларини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш МАҚСАДИДА ЭКАНИНИ БИЛДИРАДИ

ҲАМДА:

1) Марказий Осиёдаги барча республикалар ҳукуматларини – ХМТнинг асосий конвенцияларига мувофиқ ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг бажаралишини баҳолашни ўтказишга;

2) БМТ ва унинг тузилмасига кирувчи халқаро ташкилотларни — Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматларига ратификация қилинган конвенцияларга мувофиқ қабул қилинган халқаро меъёрлар ва мажбуриятларни бажаришга кўмаклашиш ҳамда уларга риоя этишга эришишга; 

3) Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатларни — Марказий Осиё мамлакатлари билан халқаро ҳамкорликни, жумладан, савдо ва инвестиция соҳасидаги алоқаларни бу давлатларда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши вазиятига оид маълумотларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширишга; 

4) Касаба уюшмалари халқаро конфедерацияси, глобал касаба уюшмалари федерацияси ва меҳнат муносабатлари соҳасида таъсир кўрсатувчи бошқа халқаро ташкилотларни — Марказий Осиёда Халқаро меҳнат ташкилоти шафеълигида бирлашмалар эркинлиги бўйича халқаро форум ўтказишга, Меҳнат ҳуқуқлари бўйича мониторинг миссияси ҳамда миссиянинг иштирокчи ташкилотлари ривожланишига кўмак кўрсатишга; 

5) Марказий Осиёнинг инсон ҳуқуқлари ҳамжамиятини — ўз ҳуқуқ ва манфаатларини жамоавий бўлиб ҳимоя қилиш мақсадида меҳнаткашларнинг мустақил ташкилотларини тузишга, касаба уюшмаларининг тазйиққа учраган фаоллари ҳимоясига туришга, Меҳнат ҳуқуқлари бўйича мониторинг миссияси (www.LabourCentralAsia.org) фаолиятида иштирок этиш ва унинг халқаро бирдамлик кампаниялари ўтказишига кўмаклашишга ЧАҚИРАДИ.