22.06.2023 / O'zbekiston

Узбекистон: Ўқитувчилар таътил пуллари камайиб кетганидан шикоят қилмоқда. Муаммо нимада?

Узбекистон: Ўқитувчилар таътил пуллари камайиб кетганидан шикоят қилмоқда. Муаммо нимада?

Қатор туманлардаги ўқитувчиларга узайтирилган йиллик таътил учун тўланадиган ҳақ миқдори камайиб кетди. Муаммо тегишли вазирликларнинг янги Меҳнат кодексини амалга киритиш билан боғлиқ норматив ҳужжатни қабул қилишни кечиктиргани билан боғлиқ. Бандлик вазирлиги ўқитувчиларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини айтмоқда. Kun.uz масала бўйича ўрганиш ўтказди.

Kun.uz'га бир қанча ўқитувчилар ёзги таътилда тўланадиган таътил пуллари камайиб кетгани борасида мурожаат қилди.

Шу вақтгача ўқитувчилар 56 календар куни дам олишган, бу 48 иш кунига тўғри келади.

“Бизга таътил пули 41 кунга ҳисоблаб чиқариляпти. Таътил пулимиз ўтган йилга солиштирганда кам чиқяпти. Бу ҳолат фақат менда эмас, бутун Ўзбекистон бўйича содир бўлмоқда, буни Telegram'даги устозлар каналида кўришингиз мумкин”, – дейди қорақалпоғистонлик ўқитувчи.

Яна бир ўқитувчига кўра, янги Меҳнат кодекси билан якшанба кунини ҳам 48 кун ичига киритишяпти ва пул тўланадиган таътил кунлари 7 кунга қисқаргани ҳисобига таътил пули ҳам кам чиқяпти.

Муаммо янги Меҳнат кодексига бориб тақалади

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош мутахассиси Лазокат Турикованинг тушунтиришича, муаммонинг сабаби – янги қабул қилинган Меҳнат кодекси билан, ҳамма таътилларни иш кунида ҳисоблашдан календар кунида ҳисоблашга ўтилганида.

“Туман юридик хизмат марказлари таълим муассасаси буйруқларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда ҳам турлича талқин қилинаётган ҳолатлар бор. Чунки янги Меҳнат кодексининг 221-моддасига мувофиқ, ходимларнинг ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари давомийлиги календарь кунларда ҳисоблаб чиқилиши белгиланган.

Таълим муассасалари Юридик хизмат марказларига таътилга оид буйруқларни тақдим қилганда асос сифатида локал ҳужжатларни кўрсатишган. Локал ҳужжатларда, яъни жамоа шартномалари ва меҳнат шартномаларида 48 иш кунидан иборат таътил олдинги ҳужжатларга кўра киритилган. Шу боис ушбу 48 иш кунидан иборат таътил муддатини 48 календарь кунига айлантириб белгилаш тўғри деб топилган ҳолатлар бўлди. Бунинг ҳисобига таътил кунлари камайиб кетиши юзага келди. Бу ҳолат ҳамма ҳудудларда ҳар хил талқин қилинди, чунки ҳуқуқий асос йўқ”, – дейди Лазокат Турикова Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Янги Меҳнат кодексига мувофиқ, педагог ходимлар иш вақтининг аниқ давомийлиги ва йиллик узайтирилган меҳнат таътилининг давомийлиги Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланадиган бўлди.

Турикованинг айтишича, 2022 йил октябр ойида қабул қилинган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2023 йил 30 апрелда кучга киргунига қадар, барча норматив ҳужжатлар янги кодекс талабларига мослаштирилиши керак эди. Шу сабабли бош вазир топшириғига асосан, 2023 йил 1 февралгача ўқитувчиларнинг йиллик узайтирилган таътил давомийлиги борасида норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши керак эди. Бунга Олий таълим, Иқтисодиёт, Молия, Бандлик ва Адлия вазирликлари масъул.

“Аммо бу ҳужжатни шу вақтгача ҳеч ким ишлаб чиқмади. Биз масъул вазирликлардан нега ҳужжатни ишлаб чиқишмаганини сўрадик, тезроқ ҳужжат лойиҳаси тайёрланиши ва биз таътиллар жадвалини ишлаб чиқишимиз кераклигини айтдик. Аммо жавоб бўлмади. Биз Касаба уюшмаси ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишга мажбур бўлдик. Чунки маъмурий ислоҳотлар туфайли кадрлар алмашди, ўзгаришлар бўлди ва ҳужжат лойиҳасини тайёрлашга имкон бўлмади, уларни ҳам тушуняпмиз. Аммо нима бўлганда ҳам бош вазирнинг топшириғи бажарилмади. Бу ҳужжатдан умуман дарак бўлмагач, май ойларида ишлаб чиқдик, ой охирида лойиҳа уч томонлама комиссияга киритилди”, – дейди у.

Унинг таъкидлашича, айни пайтда ўқитувчиларга таътил белгиланиши учун ҳуқуқий асос бўлмагани боис, таътил давомийлигини тасдиқлашда англашилмовчилик юзага келмоқда.

“Ўқитувчиларга 56 календар куни таътил берилсин деган ҳужжатнинг ўзи йўқ. 48 календар куни берилсин деган нарсага ҳам ҳуқуқий асос йўқ. Демак, бу ё туман адлия бўлимларининг хатоси, ёки иш берувчиларники. 48 иш куни билан 56 календар куни бир хил нарса, иккаласи ҳам 1,5-2 ойга яқин таътил берилади дегани.

48 иш куни деган нарсани 48 календар кунига ўзгартиришди, аммо шуни 56 календар куни деб берса ҳам бўларди. Бу ҳолат ходимлар ҳуқуқларининг ёмонлашишига олиб келяпти. Эски кодексда ҳам, янгисида ҳам ходимларнинг аҳволини ёмонлаштиришга қаратилган меъёрлар ноқонуний ҳисобланиши назарда тутилган”, – дейди Турикова.

“Ўқитувчиларга таътил пулидаги фарқ тўлаб берилади” — масъуллар

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бошқарма бошлиғи Лазиз Қаршиевнинг Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, таътил давомийлигини 48 календар куни (41 иш куни) деб ҳисоблаш ноқонуний ҳисобланади.

“Ким шунақа қилаётган бўлса, қонунбузилиш ҳисобланади. Агар шундай ҳолатлар кузатилса, туманлардаги вазирликнинг бандлик бўлимларига мурожаат қилишса, кам таътил пули тўланаётганларга 7 кун фарқи, албатта, тўлаб берилади”, – деди у.

Қаршиев ўқитувчиларнинг таътил давомийлиги борасида норматив ҳужжат лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилганини айтди.

“Аммо бу ҳужжат ҳали қабул қилинмади дегани ўқитувчиларга 41 иш кунига таътил белгиланиши керак деганимас. Чунки меҳнат шартномалари ўз кучида, шартнома 48 иш куни деб берилган, демак якшанбаларни ҳам қўшиб 56 календар куни деб белгилаб бериши керак”, – деди у.

Вазирлик масъулига кўра, бундай ҳолат ҳамма ҳудудда ҳам кузатилмаяпти. “Қонунларни тушунмаган адлия бўлимлари томонидан бундай хатога йўл қўйилаётган бўлиши мумкин”, – деди Қаршиев.

Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги масъулларининг Kun.uz'га маълум қилишича, Адлия вазирлиги ҳудудий юридик хизмат кўрсатиш марказларига Вазирлар Маҳкамаси қарори чиққунча, эски Меҳнат кодекси бўйича таътил давомийлиги белгиланиши борасида хулоса беришни тавсия қилган. Вазирлар Маҳкамаси қарори чиққанидан кейин, таътил 56 календар куни деб ҳисобланадими ёки 48 календар куними – ўртадаги фарқ тўлаб берилиши айтилмоқда.

Якшанбалар учун ҳам пул тўланадими?

Янги Меҳнат кодексига мувофиқ, таътиллар иш кунида эмас, календар кунида белгиланиши назарда тутилган. Демак, шу вақтгача ўқитувчилар 48 иш куни, яъни 56 каландер куни дам олган. Агар юқорида тилга олинган Вазирлар Маҳкамаси қарори тасдиқланса, ўқитувчилар 56 календар кунига, яъни таътил давридаги 48 иш кунидан ташқари, 7 якшанба учун ҳам таътил пули олишлари мумкин.

“Биз буни талаб қиляпмиз, норматив ҳужжат лойиҳасига ҳам киритдик, агар тасдиқланса, якшанба куни учун ҳам тўланади”, – деди Kun.uz мухбири билан суҳбатда Касаба уюшмаси мутахассиси Лазокат Турикова.

Аммо бандлик вазирлиги масъули Лазиз Қаршиев буни аниқ айта олмаслигини таъкидлади.

“Бир нарса деёлмайман, Вазирлар Маҳкамаси қарори тасдиқлангач, аниқ бўлади”, – деди у.

Энди ўқитувчилар Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилунганча кутиши керак: ё 48 каландер куни учун пул олишади – бунда 41 кунга тўлаб берилганларга 7 кунлик фарқ тўлаб берилади. Ёки 56 календар куни учун ҳақ олишлари мумкин бўлади. Лекин Молия вазирлиги 56 кун учун пул тўлашга хайрихоҳ бўлмаслиги мумкин: таҳририятга етиб келган маълумотга кўра, бунинг учун биргина мактабгача ва мактаб таълими тизимига бюджетдан 1,5-2 трлн ажратиш керак. Ҳали мусиқа, спорт, Темурбеклар (ва бошқа) мактаблари, қайта тайёрлаш марказлари ва олий таълим муассасалари бор. Касаба уюшмаси ва Таълим вазирлиги эса таътил пулини аввалгидек 56 кунга тўлашни талаб қиляпти. Масала натижаси якуний қарор қандай бўлишига боғлиқ бўлади.

Мадина Очилова,
Kun.uz