29.07.2021 / O'zbekiston

Ўзбекистонда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси кучга кирди

Ўзбекистонда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси кучга кирди

Жорий йилнинг 28 июлидан Ўзбекистонда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси кучга кирди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.

2008 йилдан бери амалда бўлган мазкур конвенция Ўзбекистон томонидан 2009 йилнинг 27 февралида имзоланган ҳамда 2021 йил 7 июнида ратификация қилинган эди.

184 та давлат аъзо бўлган ушбу халқаро шартнома 50 та моддадан иборат бўлиб, унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, жумладан уларнинг яшаш, фуқаролик, ҳуқуқий ҳимояланиш, таълим олиш, саломатликларини сақлаш, бошқалар билан тенг равишда меҳнат қилиш, бўш вақтни ўтказиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланиш, етарлича турмуш шароитига эга бўлиш ва ижтимоий ёрдам ҳуқуқлари эътироф этилган ва уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолатлари белгиланган.

ТИВ хабарномасида конвенцияда иштирок этиш Ўзбекистон қонунчилигини ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга ҳамда уларни халқаро норма ва стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилиши айтилган.

Аввалроқ маҳаллий матбуот Ўзбекистонда 30 йил ичида ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишлаб қабул қилинган қонунларнинг 90 фоизи амалда ишламагани ҳақида ёзиб чиққанди.

Озодлик